Тадбир Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари давлат байроқларини тантанали кўтариш маросими билан бошланди. Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси аъзоси, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик вазири Шайх Наҳаён бин Муборак Ол Наҳаён иштирок этди. Делегациялар раҳбарлари ўз қутлов сўзлари чоғида Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги муносабатлар юксак даражада эканлигини, инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликда эришилган ютуқларни алоҳида таъкидладилар.

«Экспо – оммавий дипломатия ва миллий брендинг учун ноёб платформа. Иштирокчи мамлакатлар технологик инновациялар ва миллий маданиятларини намойиш этади, ижобий ва ўзига хос миллий ўзликни шакллантириш учун фуқаролик жамияти билан ўзаро мулоқотда бўлади. Ўзбекистон 1993 йилдан буён халқаро кўргазмаларда, шунингдек, ихтисослашган Экспо кўргазмаларида иштирок этиб келмоқда, бироқ бу сафар биз мамлакатимизни биринчи марта миллий павильон билан намойиш этмоқдамиз. Ўйлайманки, бу БАА билан алоқаларни мустаҳкамлаш ниятимизнинг жиддийлигини акс эттирувчи яхши белгидир», - деди С.Умурзаков ўз нутқида.

Очилиш маросимидан сўнг икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ва расмийлари Ўзбекистон миллий павильони билан танишдилар. Ўзбекистон павильони 1 739 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, «Ҳаракатчанлик» шиори остида Буюк Ипак Йўли бўйлаб саёҳатни концептуал тарзда ифодалайди. Унда мамлакатимиз тараққиётининг тарихий марралари, шунингдек, сўнгги йилларда эришилган ютуқлар ва келгусидаги ривожланиш стратегиялари аниқ тасвирланган. «Ўзбекистон» павильонига ҳар куни ўртача 2,5-3 минг киши ташриф буюряпти.

Тадбир дастуридан миллий маданият ва санъатимизни кенг оммага тақдим этган Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги бой концерт дастури ўрин олди. Оқшом меҳмонлари учун «Ўзбекистон» павильони бўйлаб қизиқарли экскурсиялар ташкил этилди. Ўзбек халқининг энг яхши меҳмондўстлик анъаналарига мувофиқ, миллий ўзбек таомлари ҳам байрамнинг ажралмас қисмига айланди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари Бирлашган Араб Амирликлари миллий павильонида бўлиб, унда БААнинг ривожланиш тарихи ҳамда иқтисод, илм-фан, санъат ва бошқа соҳалардаги замонавий ютуқларига бағишланган экспозиция бўйлаб тур ташкил этилди.

Мамлакатнинг EXPO 2020 DUBAIдаги иштирокидан кўзланган асосий мақсад – замонавий Ўзбекистон қиёфаси, мамлакатда кечаётган ислоҳотлар, жадал ривожланаётган иқтисодиёт, муҳим инвестициявий имкониятлар, маданий-тарихий мерос ва сайёҳлик салоҳиятини намойиш этишдир. Шунингдек, бу ташқи савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, истиқболли тармоқларга инвестицияларни жалб этиш, туристик оқимларни кўпайтириш, илмий ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мамлакатни жаҳон ҳамжамиятига янада интеграциялаштиришга албатта ёрдам беради.

Кўргазма фаолияти доирасида мамлакатимизнинг мероси, маданияти ва салоҳияти билан таништирувчи қатор тадбирлар ўтказилди. Жумладан, 27 ноябрда Дубай операси саҳнасида «Лазги – қалб ва муҳаббат рақси» балетининг премьераси тақдим этилди. 29 ноябрда «Жамият ижтимоий ҳаётини замонавийлашда хотин-қизларнинг ўрни» мавзусида Ўзбекистон сессияси бўлиб ўтди. 30 ноябрда машҳур ўзбек пианиночиси Беҳзод Абдураимов Jubilee Park EXPO 2020 саҳнасида йирик халқаро аудиториясига ўз маҳоратини намойиш этди.

EXPO 2020 DUBAI Бутунжаҳон кўргазмаси 2022 йил 31 мартгача давом этади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.