2020 йил, 12 август. Японияда ташкил этилган 31-Халқаро биология олимпиадасининг якуний натижалари эълон қилиниш арафасида. Пандемия сабаб онлайн тарзда ўтказилган танлов якунларини катта экранлар қаршисида ҳаяжон билан кутаётган 52 та давлатнинг 200 нафар иштирокчилари орасида юртимиз вакиллари ҳам бор.
Узоқ кутишлардан сўнг, ниҳоят, натижалар эълон қилинди. Минбардан жарангдор овозда 1-ўрин ғолиби — ўзбекистонлик Саида Валижонова исми янгради. Ва бу кун мамлакатимиз терма жамоаси ўз тарихида илк бор мазкур нуфузли халқаро олимпиадада олтин медални қўлга киритган сана сифатида муҳрланди.
Ана шундай лаҳзаларда қалбни ёндирадиган қувонч, фахр, ғарур туйғулари Ўзбекистон деган юртнинг рамзий тимсоли бўлган байроқ билан бирга баландларга кўтарилиб, мамлакатимиз ёшларининг барча соҳалар қатори фан ва таълимда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этаётгандек бўлади.
Шунданми, олимпиада финалида юртимиз номи янграши ҳамон залда ўтирганларнинг бари ҳаяжондан қалқиб кетди. Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Саида Валижоновага қўшилиб, бутун жамоа қувончдан ҳайқириб юборди. Узоқ кутилган ғалабанинг ҳақиқат эканига ишонолмай, ҳатто, кўзига ёш олган устозлар дарҳол сергак тортиб, бир-бирларини қутлай бошлади.
— Олимпиада давомида зиммамда менга билдирилган ишончни оқлашдек катта масъулият турган бўлса, натижаларни кутиш жараёнида барча ҳис-туйғуларим ўрнини кучли ҳаяжон эгаллади, — деди Саида Валижонова. — Ғалабага ишончим камроқ бўлсада, олимпиадада Ўзбекистон номини биринчи ўринга олиб чиқиш истагим юқори эди. Ана шу мақсадимга эришганимдан бахтиёрман. Аслида, Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейига бу ерда таҳсил олиб, фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларга ҳавас қилиб келганман. Биология фанидан илк сабоқларни устозим Мукамбар Муҳаммедовадан олдим. Миллий терма жамоа сафига қўшилганимдан кейин сабоқларни директоримиз Ортиқбой Эшонқулов устозлигида давом эттириб, олимпиадага чуқур тайёрлана бошладим. Бугун эришган ғалабам ортида ана шу муаллимларимнинг катта меҳнати, менга билдирган ишончи ётибди. Келгусида табиий фанларни янада кенг ўрганиб, таълимнинг кейинги босқичини тиббиёт соҳасида давом эттириш, ген инженерияси бўйича илмий иш қилишни мақсад қилганман.
Беллашувда Саидадан ташқари Бухоро давлат университетининг Қоракўл академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Равшанбек Каримов ҳамда Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Сардор Тожибоевлар ҳам совриндорга айланиб, ҳар иккаласи кумуш медаль соҳиби бўлишди. Халқаро олимпиадада муносиб иштирок этиб, уларни доим қўллаб-қувватлаган яқинлари ҳамда марра томон етаклаб келган фидоий устозлари ишончини оқлаган ёшлар ўз билим ва салоҳияти билан Ватанимиз байроғини яна бир карра жаҳон узра баланд кўтарди.
Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи ўқувчилари ҳаяжонга тўла бундай лаҳзаларни ўнлаб маротаба бошдан кечирган. Улар 2008 йилдан буён Россия, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Корея, Сингапур, Дания, Индонезия, Швейцария, Вьетнам, Озарбойжон, Грузия, Таиланд, Беларусь, Эрон, Словакия, Чехия, Венгрия, Франция каби кўплаб давлатларда кимё ва биология фанларидан ўтказилган жаҳон ва халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, катта натижаларга эришиб келмоқда. Ўқувчилар кимё ва биология фанларидан республикамиз таълим тизими тарихида биринчи бўлиб олтин медални қўлга киритишган. Шу вақтга қадар академик лицей ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларидаги ғалабалари билан давлатимиз байроғини 72 бор баланд кўтаришга муваффақ бўлди. Қўлга киритилган муваффақиятлар 11 та олтин, 20 та кумуш, 41 та бронза медалларда акс этиб турибди. Медалларнинг 35 таси охирги 3 йилда — мамлакатимизда илм-фан соҳасини ривожлантиришга эътибор ортган вақтда қўлга киритилгани айниқса, аҳамиятлидир.
“Жаҳонда ягона лицей”
Юзлаб мамлакатлар орасида Ватан байроғини кўтариш ҳар бир инсонга ўзгача ғурур ва ифтихор бағишлайди. Ана шундай ёшларни тарбиялаб, мамлакатимизда иқтидорли ўғил-қизлар сафи кенгайишига ҳисса қўшиш эса икки карра шарафли йўлдир. Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори, биология фанлари доктори, профессор Ортиқбой Эшонқулов узоқ йиллик меҳнат фаолиятини ёшларга таълим-тарбия бериш билан бирга, мактаб-лицейлар ўқувчиларини халқаро фан олимпиадаларига тайёрлаб, илм-фан соҳасида юртимиз номини жаҳонга танитишга бағишлаб келмоқда. Унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан 1997 йилда очилган академик лицейда ўқувчиларга табиий фанлардан чуқурлаштирилган билимлар берилади.
— Қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, ўз маҳорати билан дунёни лол қолдираётган ёшлар юртимиз фахридир, — деди Ортиқбой Эшонқулов. — Бир вақтлар жаҳон ареналарида катта ғалабалар қучиб, мамлакатимизга қайтган спортчиларимизга алоҳида эътибор қаратилиб, йирик муфокотлар билан тақдирланган бўлса, бугун барча соҳалар, хусусан, илм-фанда қатор ютуқларга эришиб, фан олимпиадаларида ғолиб бўлаётган ўғил-қизлар давлатимиз томонидан муносиб тақдирланаётгани қувонарли ҳол. Президентимизнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Халқаро биология олимпиадаси ғолиблари ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланди. Бундай ўқувчиларнинг давлат ОТМларига тест синовисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиниши ҳам улар учун берилган катта рағбат, десак муболаға бўлмайди.
Бугун ана шу эътибор, рағбат ўз мевасини бермоқда. Мамлакатимиз ёшлари барча соҳаларда етакчи ўринларни эгаллаш, ватанга муносиб фарзанд бўлишга интилмоқда. Бу интилиш уларнинг илм ва бошқа кўплаб соҳаларда эришаётган ютуқларида намоён бўлаяпти.
Айни пайтда лицейда таҳсил олаётган 400 га яқин ўқувчиларнинг аксарияти билимнинг ортидан қувиб, учтозларининг этагидан маҳкам тутган ёшлардан. Уларнинг кўпчилиги таълимни давом эттириб, бирор соҳанинг етук мутахассиси бўлишни мақсад қилган. Буни ўтган йили лицейни тамомлаган 465 та ўқувчининг 441 таси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганидан ҳам кўриш мумкин.
Ўқувчиларининг муваффақиятларини кўрган инсонлар Ортиқбой акадан бунинг сирини сўрайди. У инсон бўлса, камтарлик билан “ҳамма гап ўқитувчилар жамоасининг яхши ташкил қилинганида. Уларнинг кўпчилиги дарс бериш билан бирга, илм билан шуғулланади. Кимё факультетида 10 та ўқитувчи бўлса, ҳаммаси фан номзоди, фан доктори. Биология факультетида эса бу кўрсаткич 70 фоиз”, деб жавоб беради. Ҳақиқатан, табиий фанлар йўналишида лицей ўқитувчиларининг ўзига хос мактаби, тажрибаси шаклланган. Улар ўз ўқувчиларидан ташқари, республикадаги бошқа мактаб-лицейларда таҳсил оладиган ўғил-қизларни ҳам фан олимпидаларига тайёрлайди. Ортиқбой аканинг ўзлари ҳам кимё фанидан Ўзбекистон терма жамоаси раҳбари бўлиш баробарида кимё фани бўйича олимпиадада халқаро ҳакамлар хайъати аъзоси сифатида иш олиб боради. Терма жамоа аъзоларига тайёрлов жараёнларида устозлик қилади.
— Халқаро олимпиадаларда иштирок этиш осон эмас, — деди Ортиқбой Эшонқулов. — Йигит-қизлар бир неча босқичдан иборат саралаш имтихонларидан ўтгач, олимпиада учун яна алоҳида танлаб олинади. Боиси, бундай йирик танловларда ниҳоятда билимли болалар иштирок этади ва биз ёшларимизни шунга тайёрлашимиз керак. Масалан, Халқаро Менделеев олимпиадаси назарий ва лаборатория босқичидан иборат бўлиб, биринчи куни 75 бетлик саволни ўз ичига олувчи 8 та масала берилади. Иштирокчи берилган масалани 5 соатда бажариб бўлиши керак. Мусобақанинг иккинчи куни ўқувчилар 15 та масала ичидан 5 тасини танлаб олиб, унга жавоб ёзади. Учинчи куни эса лаборатория шароитида берилган топшириқни бажариш талаб этилади. Қувонарли жиҳати, бизнинг ўқувчиларимиз мана шу масалаларни еча оляпти. Авваллари, фан олимпиадаларида Хитой, Япония, Россия ва бошқа қатор давлатлар вакиллари кўпроқ ғолибликка эришган бўлса, бугунги кунда улар орасида ҳар гал Ўзбекистоннинг ҳам номи янграётгани жуда катта ҳодиса.
Кўпчилик учун одатий ҳолдек туюлган бу ғалабалар ортида ҳақиқатан катта меҳнат, сабр ва машаққат ётибди. Ўқувчилари 2013 йилда Россияда бўлиб ўтган 45-Жаҳон кимё олимпиадасида биринчи бор олтин медални қўлга киритганида, беихтиёр кўзларига ёш олган Ортиқбой ака бугун шогирдларининг ҳар бири билан фахрланади. Уларнинг қувончларига ҳам, қийинчиликларига ҳам тенг шерик бўлиб, доим қўллаб-қувватлайди. Ҳатто, ўзининг илмий салоҳияти, билими билан юртимиз байроғини жаҳон майдонида баланд кўтарган, медаль билан бирга Ўзбекистон номини кўксига осган ёшларнинг муваффақяитларини катта альбомга мухрлаб келмоқда. Ўтган йили Францияда бўлиб ўтган Халқаро 51-кимё олимпиадасида бу альбомни кўрган ҳакамлар хайъати раисининг ўринбосарлари Ортиқбой аканинг ёнига келиб, ўқувчилари эришаётган ютуқлар билан шахсан қутлашгани, ҳамон ёдидан чиқмайди. Улардан бири Док Ван Лининг “Бу лицей нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ягона. Неча йиллардан бери олимпиадада хайъат аъзоси бўлиб, ҳатто, бир бор бўлсада олтин медаль олмаган давлатларни кўрдик. Сизлар бўлса, ўн йилдан бери қатнашиб, ҳар гал олтин медаль билан қайтасизлар”, деган эътирофи унинг қалбини тоғдек кўтариб, кўксини фахрга тўлдирганди. Ўқувчилари ана шундай танловларда ватан шарафини ҳимоя қилиб, юртимизга бошини баланд кўтариб қайтишида ўз билим, куч ва меҳнатини аямаётган Ортиқбой Эшонқуловнинг кўксига 2008 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени осилган эди. Бу йил бўлса, шарафли касб эгаси “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” деган юксак унвон билан тақдирланди.
— Авваллари, халқаро фан олимпиадаларида 4 та ўқувчим иштирок этса, шундан 1 ёки 2 таси совриндорлар сафидан жой оларди. Бу борада фаол давлатлар тажрибасини ўрганганимда, улар болаларни биз каби олимпиададан бир йил олдин эмас, балки мактаб давридаёқ тайёрлай бошлашига гувоҳ бўлдим ва бу тажрибани ўзимизда ҳам қўллай бошладим, — деди Ортиқбой ака. — Мактаб даврида шу фанларга қизиққан бола, албатта, юқори натижаларни қайд этади. Бундан ташқари, ўқувчилар математика, чет тилларини ҳам билиши лозим. Халқаро мусобақаларда масалалар ўзбек тилига таржима қилинсада, барибир ўзидек чиқмайди. Тилни биладиган бола эса уларни тезроқ тушуниб олади.
Ортиқбой ака болаларга билим беришда лицей дастурлари билан чекланиб қолмайди. Ҳар йили Россия, Хитой, Япония ва бошқа давлатлардан кимё ҳамда биология фанларининг етук олимлари, мутахассисларини таклиф этиб, ўқувчилар учун бир неча кунлик семинар, маҳорат дарслари ташкил этади. У ўзининг бу тажрибасини бошқа мамлакатлар элчиларига айтганида, улар ҳам ўзларида қўллай бошлаганига кўп бор гувоҳ бўлган. Педагог лицей қошида худди Бухородаги Қоракўл мактабидаги сингари меҳмонхоналар қурилишини орзу қилади. Шунда хорижлик мутахассисларни тез-тез, кўпроқ муддатга таклиф қилишнинг имкони бўларди.
Жорий йилнинг 1 октябрь санасида Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз бошчилигида ўтган байрам учрашувида лицей ўқитувчиси Лазиз Зайлобов сўзга чиқиб, мазкур таълим даргоҳини янада ривожлантириш, табиий фанларга қизиқувчи ёшларга кенгроқ билим бериш бўйича ўз таклифларини билдирган эди. У минбардан туриб, “агар замонавий лабораториямиз бўлганида, бронза медаллар кумушга, кумуш медаллар олтинга айланиши мумкин эди”, деганида, давлатимиз раҳбари Тошкент педиатрия тиббиёт институти академик лицейида жаҳон талабларига мос лаборатория қуриш бўйича алоҳида топшириқ берди.
Бугун юртимизда илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган даврда билимли, ҳар томонлама илғор, жаҳон майдонида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган ёшларни тайёрлашга ҳисса қўшаётган ана шундай таълим муассалари тажрибасини ўрганиш ҳар қачонгиданда муҳим. Бу ерда таҳсил олаётган иқтидорли, ўзининг юксак билим ва салоҳияти билан давлатимиз рамзи бўлган — Ўзбекистон байроғини дунё узра баланд кўтараётган ёшлар билан ҳар қанча фахрлансак кам.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири