Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, ялпи мажлисда 8 та қонун кўриб чиқилиши, шунингдек, бошқа бир қатор масалалар муҳокама қилиниши белгиланган бўлиб, улар тўғрисида ахборот берилди.
Мажлисда мазкур масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Бундан ташқари, Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, «Мактабгача таълимни такомиллаштиришнинг қонуний асослари: хорижий амалиёт ва мамлакатимизда соҳани ривожлантиришнинг истиқболлари» мавзуси муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда республика бўйича мактабгача таълим ташкилотлари сони ҳамда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови даражаси ошган. Хусусан, 2017 йилда республика бўйича жами 5 211 та МТТга 708 247 нафар бола (3-7 ёшдаги болаларнинг 27,7 фоизи) қамраб олинган бўлса, 2021 йилга келиб, 18 254 та МТТга 1 699 566 нафар бола (60,9 фоиз) қамраб олинган.
Қолаверса, мактабгача таълим хизматларининг сифати ва оммабоплигини таъминлаш мақсадида 2021 йил биринчи ярим йил давомида қатор норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори қабул қилинди.
Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасини такомиллаштириш мақсадида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилиб, хорижий тажриба кенг ўрганилмоқда. Халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар билан мактабгача таълим тизимида таълим сифатини ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ЮНИСEФ, КОICA, Жаҳон Банки, JICА, ЮНEСКО билан биргаликда амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар устида тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Сенаторлар томонидан бошланғич таълимни мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларда 6 ёшли болаларни ўқитиш учун малакали педагог кадрлар билан таъминлаш чоралари етарли даражада кўрилмагани, малака оширишда кредит-модуль тизимига асосланган узлуксиз, муқобил шаклларини жорий этиш орқали педагог кадрларга доимий равишда ўз устида ишлаш, касбий ўсишнинг индивидуал траекториясини танлаш ва амалга ошириш учун шароитлар яратилмагани, мактабгача таълим ташкилотлари ўқув дастурлари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқув режаси ўртасида узвийлик таъминланмагани мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини ривожлантириш, хорижий тажрибани чуқур ўрганган ҳолда янги педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш талаб даражасида эмаслиги танқид остига олинди.
Қайд этилган муаммо ва камчиликларни таҳлил этиш, мактабгача таълимни такомиллаштиришда хорижий тажриба асосида янги педагогик технологияларни жалб қилиш, малакали педагог кадрларни тайёрлаш, ўқув дастурларининг узвийлигини таъминлашга қаратилган зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.