ФАОнинг “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” техник ҳамкорлик дастурига бағишланган кириш семинари бўлиб ўтди. Тадбир қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Аграр соҳа аёллари уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари доирасида амалга оширилди. Учрашув давомида ФАО вакиллари лойиҳанинг моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритдилар.

ФАОнинг “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” техник ҳамкорлик дастури Ўзбекистонда 2020—2022 йиллар давомида олиб борилиши режалаштирилган. Унинг умумий қиймати 100,000 АҚШ доллар, дея бахоланган. Лойиханинг асосий мақсади — инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга ошириш хамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали қишлоқ жойларда турмуш шароитини яхшилашдан иборат. Бу еса, пировардида, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади. Дастурни амалга ошириш давомида инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун миллий имкониятлар янада мустаҳкамланади.

“Қишлоқ хўжалигида гендер фарқни бартараф этиш ушбу соҳа ва, умуман, жамиятга сезиларли фойда келтиради. Гендер тенгсизлик аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги муҳим ҳиссасини камайтирадиган гендер роллар ҳақидаги стереотипларга асосланади. Қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлашга қаратилган сармоя, аввало, қашшоқликка барҳам бериш ва барча учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим ўзгаришларга йўналтирилган сармоя ҳисобланади”, — дея таъкидлади ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа координатори Шерзод Умаров.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Аграр соҳа аёллари уюшмаси раиси Адиба Ахмаджонова “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор ривожлантириш, ҳамда уларнинг гендер сиёсати билан боғлиқлик масалалари” мавзусида маъруза қилди. Ўтган йил давомида Ўзбекистонда гендер тенглик йўналишида қонунчиликни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик палатаси ҳузурида гендер тенглик масалалари бўйича Комиссия ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича Қўмита ташкил этилганлиги ҳам муҳим аҳамият касб этади.

ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё минтақавий бўлинмаси гендер тенглик ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Доно Абдураззоқова ўз тақдимотида лойиҳани таҳлил қилиб, режалаштирилган тадбирлар ва якуний натижалар ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши ФАОнинг Ўзбекистондаги Гендер ҳаракатлар режаси орқали назорат қилинади. Гендер масалаларини ҳал этишдаги энг яхши амалиётларни ҳисобга олган ҳолда, “Ўзбекистоннинг тоғли ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш” деб номланган ФАОнинг яна бир лойиҳаси доирасида ҳамкорликда фаолият олиб бориш имкониятлари муҳокама қилинди.