Куни кеча зиё масканимизда катта тадбир уюштирилди. Унда Республика болалар кутубхонаси вакили Мирсаид Роҳаталиев, Наманган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ойбек Зокировлар сўзга чиқиб, маънавият, билим-тафаккур, муваффақиятлар асоси ҳисобланган китобхонликни янада кучайтиришга оид лойиҳалар, саъй-ҳаракатлар тўғрисида алоҳида тўхталишди.
Қисқа мусиқий дастурдан сўнг республика танловларида ғолибликни қўлга киритган 9 нафар ўқувчи ва 3 нафар кутубхоначи тақдирланди. Энг фидойи, тиниб-тинчимас кутубхоначилар, истеъдодли ёш китобхонларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали тарзда топширилди. Таъкидлаш жоиз, жорий йил олти ой давомида мамлакатимиз миқёсидаги китобхонлик танловларида Наманган вилоятининг ўзидан 50 мингдан зиёд ўқувчи қатнашган.
Келажагимиз бунёдкорлари орасида китобхонликни оммалаштиришда бу сингари танловлар жуда муҳим. Айниқса, тарғибот туфайли ўғил-қизлар фақатгина ўқиш билан чекланиб қолмасдан бадиий ижоднинг турли йўналишларида иқтидорларини синаб кўришга интилишмоқда. Масалан, Чуст туманидаги 23-умумтаълим мактаби 10-синф ўқувчиси Дилнура Шерматова танловнинг республика босқичида “Йил ҳикояси” номинациясида биринчи ўринни эгаллади.
Дарҳақиқат, ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш орқали эса яхши самарага эришиляпти. Хусусан, Наманган туманидаги 8-умумтаълим мактаби 4-синф ўқувчиси Ибратбек Жамолиддинов ёзги таътил муносабати билан кутубхонамиз томонидан эълон қилинган “Мен ёқтирган эртак ва ҳикоя” номли онлайн танловда севган асари мазмунини ифодали гапириб берган видеолавҳаси ижтимоий тармоқларга жойланди ҳамда вилоят бўйича учинчи ўринга муносиб деб топилди.
Азиз фарзандларимиз, файзли кутубхонамизга ташриф буюринг! Қизиқарли адабиётлар, газета-журналларни ўқинг ва фаол китобхонларимиз сафига қўшилинг.
Зулхумор ТЎРАХЎЖАЕВА,
Наманган вилоят болалар кутубхонаси директори