Турли соҳаларда вилоят расмийлари, тадбиркорлар ҳамда қишлоқ хўжалиги кластерлари раҳбарларидан иборат вилоят делегацияси Бурса вилоятида ва Истанбулда бўлиб, расмий учрашувлар ҳамда ишбилармон доиралари билан мулоқотлар ўтказиши режалаштирилган.
Бурса вилояти ҳокими ўринбосари Мустафо Қилич, қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик бошқармаси бошлиғи Ҳамит Айгул ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда Бурсанинг бу соҳада сўнгги 30 йилда босиб ўтган ривожланиш йўли, маҳаллий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорларида илгари суриш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасидаги тажрибаси, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда фойдаланилаётган самарали механизмлар ҳамда ажратилаётган субсидиялар каби масалалар хусусида атрофлича мулоқот бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўнгги йилларда мамлакатимизда бўлаётган катта ислоҳотлар, ҳамда ушбу ислоҳотларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига ижобий таъсири борасида йиғилганларга маълумот берди.
Учрашувда кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида Бурсадан малакали мутахассисларни Фарғона вилоятига жалб этиш, фарғоналик қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини тажриба алмашиниш учун Бурсага юбориш, фермерларни, чорвачилик, балиқчилик, боғдорчилик ҳамда деҳқончилик хўжаликларини манзилли қўллаб-қувватлаш борасидаги Туркия тажрибасини батафсил ўрганиш, уруғчилик ва кўчатчилик борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишиб олинди.
Фарғона вилояти делегациясининг ташрифи Бурса вилояти волийлигида давом этди. Бурса вилояти волийси (губернатори) Якуб Жанполат билан мулоқотда икки давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси билан халқларимиз ўртасида дўстлик ва қардошлик ришталари янги босқичга кўтарилгани қайд этилиб, бу жараёнда Фарғона ва Бурса ўртасида тўғридан тўғри ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳамда имкониятлари муҳокама қилинди. Йиллик 16 миллиард долларлик экспорт ҳажмига эга бўлган, автомобилсозлик, текстиль, мебелсозлик ҳамда қишлоқ хўжалигида Туркиянинг энг ривожланган вилоятларидан бири бўлган, ҳудудида 17 та эркин иқтисодий зона жойлашган Бурса билан Фарғона вилояти ўртасида кўп томонлама амалий ҳамкорликнинг пойдевори қўйилди.
Туркиянинг энг йирик мебелчилик марказларидан бири бўлган, йиллик мебель маҳсулотлари экспорти 1,3 миллиард долларга тенг Бурсанинг Инегўл тумани билан Бувайда тумани, болалар кийимлари ишлаб чиқаришда Туркиянинг маркази бўлган Бурса шаҳридаги Йилдирим тумани билан Учкўприк тумани, чинничилик ҳамда кулолчилик анъаналари билан машҳур Изник тумани билан Риштон тумани ўртасида бевосита ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, олий таълим соҳаларида кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Бурса волийси билан мулоқотда шунингдек, маҳаллий давлат бошқарув тизимини самарали ташкил этиш, ушбу вилоятдаги 17 туманда жойлашган 1 058 маҳалланинг давлат идоралари билан ҳамкорлиги масалалари юзасидан ҳам суҳбатлашилди.
Бурса Буюкшаҳар Беледияси башкани (ҳокими) Алинур Акташ билан учрашувда Фарғона ва Бурса вилоятлари ўртасида икки томонлама иқтисодий, инвестицион, маданий алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларида сўз борди. Учрашув якунида Фарғона вилояти ҳамда Бурса вилояти ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида келишув имзоланди.
Учрашувларда Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчихонаси масъуллари, Ўзбекистоннинг Бурсадаги фахрий консули Али Баклан, Ўзбекистон-Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи ҳамраиси Осман Местен ҳам иштирок этдилар.
Фарғона вилояти делегацияси Туркияга ташриф дастури доирасида Бурса Тижорат ва Саноат палатасида бўлиб, Палата раҳбари Ибраҳим Буркай билан учрашув ўтказди. 50 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектини, шу жумладан 22 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналарини ўзида жамлаган Палатада бўлиб ўтган мулоқот чоғида Бурса ишбилармонлари сармоясини, тажриба ва билимларини Фарғона вилоятига жалб этиш, йирик дунё бозорларни ҳамкорликда забт этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Фарғона делегациясининг ташрифидан кўзланган асосий мақсад, аввалги йилларда эришилган келишувларни амалиётга ўтказиш, икки вилоят тадбиркорларини бир бирларига боғлаш экани таъкидланди.
Бурсалик ишбилармон ва сармоядорларни Фарғонага йўналтириш, Фарғона вилояти ҳокимининг Бурса тадбиркорлари билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси лавозимини жорий этиш, Фарғонада доимий ишловчи бу лавозимга Бурса Тижорат ва Саноат палатаси томонидан тақдим этиладиган вакилни тайинлаш борасида келишиб олинди.
Фарғона вилояти делегацияси ҳамда Бурса вилояти расмийлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Палатада бўлиб ўтган бизнес-анжуманда Фарғона вилоятининг инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди. Тақдимот якунида туркиялик тадбиркорларнинг ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш нуқтаи назаридан берилган саволларига вилоят ҳокими батафсил жавоб берди. Икки вилоят тадбиркорлари ўртасида бўлиб ўтган B2B учрашувлар турли соҳаларда йирик ҳамкорлик шартномалари имзолашга пойдевор яратди.
Фарғоналиклар шунингдек, Туркиянинг 45 вилоятидаги 12 мингдан зиёд экспортчи корхоналарни бирлаштирган, йиллик умумий экспорт ҳажми 35 миллиард долларга тенг бўлган Улудағ Экспортчилар Ассоциацияси таркибига кирувчи Улудағ мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчилари уюшмасига ташриф буюрди. Уюшма бошқарув кенгаши раиси Ўзкан Камилоғлу билан учрашувда Фарғона вилоятида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамкорликда қайта ишлаш ва экспорт қилиш, соҳага Туркияда амалда тадбиқ этилаётган илғор технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Улудағ мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчилари уюшмаси вакиллари, Ўзбекистон мева ва сабзавотларига дунё бозорида талаб юқори эканини, инновацион ёндашув орқали ҳосилдорликни кўтариш имкони мавжуд эканини қайд этиб, ҳар томонлама ҳамкорликка тайёр эканликларини маълум қилишди. Яқин даврда Уюшма делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифини амалга оширишга келишиб олинди.
Текстиль соҳаси ўта ривожланган Бурса вилояти, айниқса болалар тайёр кийимлари ишлаб чиқаришда катта кўрсаткичлар қайд этиб келади. Бу борада Туркияда ишлаб чиқарилган болалар кийим-кечакларининг 70 фоизи Бурсага тўғри келади. Бурса шаҳрининг Йилдирим туманида жойлашган Вишне кўчаси нафақат Туркияда, балки дунёда ҳам бу борада ишлаб чиқарувчилар ҳамда улгуржи савдо дўконларини ўзида жамлаган йирик марказ сифатида билинади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда вилоят делегацияси вакиллари ушбу ҳудудда бўлиб, 3 мингдан зиёд ишлаб чиқарувчини жамлаган BEKSİAD – Гўдаклар ва болалар тайёр кийимлар сектори ишлаб чиқарувчилари ва ишбилармонлари жамияти фаолияти билан танишдилар.
Жамият раиси Ўмер Йилдиз вилоят ҳокими билан мулоқотда саноат зонаси шаклида ташкил этилган, йиллик умумий экспорт ҳажми 1 миллиард доллардан зиёд бўлган Вишне кўчасидаги ишлаб чиқариш ва тижорат жараёнлари ҳақида маълумот берди. Учкўприк туманининг Бобошбек маҳалласида 15 гектар майдонда барпо этилаётган, асосан болалар кийимлари ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплексидан иборат мажмуа, ушбу Вишне кўчасининг аналоги бўлиши борасида фикр билдирган вилоят ҳокими, бу ерда орттирилган тажрибаларни ҳамда иш жараёнларини ўрганиш учун Учкўприк туман делегацияси яқин муддатда ташриф буюришини маълум қилди.
Вилоят раҳбари Вишне кўчасидаги бир нечта ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда савдо дўконларида бўлиб, маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот қилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.