Ҳудудларда «Истеъмолчи кутубхонаси», «Истеъмолчилар уйи» лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳам ана шу ҳаракатлар самарасидир. Лойиҳа доирасида ҳозиргача барча вилоятлар ҳудудларида – Олтиариқ, Қизилтепа, Риштон, Сариосиё, Узун, Бағдод, Фарғона, Косон, Олот, Деҳқонобод ва Марғилонда 11 та барча қулайликларга эга бўлган, кўркам ва шинам мажмуалар бунёд этилди.

Йил охирига қадар яна 9 та ана шундай маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Уларда юзга яқин ёш ўғил ва қизларнинг иш билан таъминланишига эришилди.
Бугун Фарғона шаҳрида ҳам замонавий услубда қурилган, ўзига хос инновацион ечимга эга ва 5 мингдан ортиқ китобларга эга бўлган «Истеъмолчилар уйи» биносининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди.

Мазкур мажмуанинг биринчи қавати «Истеъмолчи кутубхонаси», иккинчи қавати эса Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти идорасидан иборат яхлит комплекс ташкил этилди. Шунингдек, «Истеъмолчи кутубхонаси»да Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда 50 минг нусхадан ортиқ китобларнинг электрон базаси ҳам шакллантирилган.


Очилиш маросимида Фарғона шаҳар ҳокими Ҳамиджон Ҳабибидинов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат аъзоси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқовлар сўзга чиқдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар “Истеъмолчилар уйи“ ва унда яратилган қулайликлар билан танишдилар.