Дастлабки иш куни режасига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари ташкилотнинг Давлат раҳбарлари кенгаши ва бошқа Низом органларининг бўлажак мажлисларига тайёргарлик кўриш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
– Юзма-юз мулоқот учун Фарғона вилояти танлангани бежиз эмас,-деди Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ ишлари бўйича миллий координатори Раҳматилло Нуримбетов. – Марказий Осиё гавҳари сифатида эъзозланадиган Фарғона вилояти тарихий-маданий ёдгорликлари, эзгу қадрият ва анъаналари орқали Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган қардош мамлакатлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
Бу галги учрашувлар жараёнида ШҲТнинг Самарқанддаги Саммитида қабул қилиниши кутилаётган ҳужжатлар кўриб чиқилиши режалаштирилган. Шу мақсадда дипломатия, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, анжуман иштирокчилари учун вилоятнинг тарихий-маданий ёдгорликлари бўйлаб мароқли саёҳат, экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм йўналишларида учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг Фарғонадаги йиғилиши 28 апрель кунига қадар давом этади.
Расулжон Камолов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.