Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун ушбу ҳудудда бўлиб, пойдеворида чўкиш ва оғиш юзага келганлиги сабабли фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган амфитеатрда олиб борилаётган демонтаж ишларини кўздан кечирди ҳамда янги лойиҳани масъуллар иштирокида муҳокама қилди.
Аҳоли, айниқса ёшлар учун ахборот технологиялари жадал илдамлаётган бугунги кунда ўта зарур бўлган IT-Park, шунингдек замонавий кутубхона ҳамда тил ўргатиш марказини ўз ичига олиши режалаштирилган мажмуанинг таклиф этилган меъморий лойиҳаси вилоят ҳокимининг қатор эътирозларига сабаб бўлди. Вилоят раҳбари бир ой муддатда лойиҳани тубдан қайта ўзгартириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, аҳолига қулайлик яратиш учун бинонинг биринчи қаватига савдо шохобчаларини жойлаштириш ва уларни хўжалик ҳисобида фаолият юритадиган IT-Park балансига бериш орқали ушбу муассасани иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтди.
Хайрулло Бозоров, шаҳар масъулларига қисқа муддатда эски амфитеатрни бузиш ишларини якунлаш ҳамда қурилиш майдончасини тайёрлаш бўйича топшириқ берди.