ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, муқаддам судланган 44 ёшли фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ертўласида 782 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Бошқа ҳолатда эса 1975 й.т. шахснинг яшаш хонадонида 758 гр “гашиш” моддаси, гиёҳвандлик воситалари қолдиқлари бўлган 6 дона пичоқ ва 4 дона электрон тарози борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона органларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда “Фарғона – Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган "Ласетти" русумли автотранспорт воситаси Наманган тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада, Фарғона вилояти Олтиариқ туманида яшовчи, 1998 й.т. шахс бошқарувидаги ушбу автомашина салонидан 465 гр “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.