Мазкур тадбирлар, шунингдек Теҳронда ташкил этилган Технология ва халқаро инвестициялар форуми ҳамда «Илмга ихтисослашган технологиялар» кўргазмаси доирасидаги музокаралар натижасида Фарғона вилояти ва Эрон ишбилармонлари ўртасида умумий қиймати 22,5 миллион доллар бўлган 3 та келишувга эришилди.

«Choopan Agro Industrial Co» компанияси билан Қорақалпоғистоннинг Фарғона вилоятига бириктирилган Бўзатов туманида доривор гиёҳлар уруғидан ниҳол етиштириш лойиҳаси бўйича келишув имзоланди. Қиймати 10 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа доирасида 160 нафар доимий, 500 нафар мавсумий иш ўрни шакллантирилади, йиллик 13 миллион доллар ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги, вилоятимиздаги «Chilustun Fayz» МЧЖ ва Эроннинг «Koks Group» компаниялари ўртасида Қувасой шаҳрида кўмир ва нефть маҳсулотларидан кокс ва дизель ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича имзоланган 10 миллион доллар қийматидаги келишув 9 миллион доллар тўғридан тўғри хорижий инвестицияни ўз ичига олади. 100 та янги иш ўрни яратиладиган ушбу корхонада йилига 75 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш ҳажми яратилади, маҳсулот асосан экспортга йўналтирилади.

Вилоят ҳокимлиги ва Эроннинг «Mr.Fish» МЧЖ ўртасида Марғилон шаҳрида эронлик тадбиркорлар учун «Технопарк» ташкил этиш юзасидан ҳам келишувга имзо чекилди. Қиймати 2,5 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳани амалга оширилиши натижасида «Mr.Fish» МЧЖга тегишли бўш турган биноларда 10 дан ортиқ ишлаб чиқаришлар пайдо бўлади. Бугунги кунда мазкур «Технопарк»да ишлаш истагидаги эронлик тадбиркорлар рўйхати шакллантириляпти.

Шунингдек, 22 февралда Теҳронда бўлиб ўтган «Илмга асосланган технологиялар» кўргазмасида 10 дан ортиқ Эрон компаниялари билан музокаралар ўтказилди. Эронлик ишбилармонлар Фарғона вилоятида қурилиш ва автотранспортлар учун органик ранг-бўёқлар, янги технология асосида қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун биоўғитлар, сув ҳисоблагичлар, цемент қоришмаси ўрнини босувчи қурилиш клейи ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида катта қизиқиш билдирдилар. Ушбу компаниялар вакиллари яқин кунларда Фарғона вилоятига ташриф буюришларига ҳамда музокараларни амалий ҳамкорликка айлантириш бўйича иш ташкил этиш бўйича келишиб олинди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.