Давра суҳбатида маҳаллий ва хорижий экспертлар, давлат идоралари ва «ақл марказлари» мутахассислари, жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида инсонпарварликни мустаҳкамлаш, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, Фарғона водийсида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва муаммоларни сиёсий ҳал этиш, шунингдек, ахборот хавфсизлиги асоси сифатида минтақада ягона медиа стратегияни ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, глобаллашув даврида, маданиятлар ва динларнинг ўзаро уйғунлашуви юз бераётганда, жамиятда бағрикенглик муносабатлари, айниқса, долзарбдир. Бу эса инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асносида шаклланади. Инсонлар табиатан бир-биридан фарқланади. Ва айнан бағрикенглик, тоқатлилик мамлакат, минтақа ва дунёдаги қоришган жамиятларнинг яшаб қолишини таъминлаши мумкин. Шунинг учун ҳам фуқаролик, миллатлараро, конфессиялараро тинчликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясининг хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил март ойида «Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий кўп томонлама мулоқот» лойиҳасига старт берилган эди. Лойиҳа Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириляпти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), «BIOM» экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда «Гендер ва тараққиёт» жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга ошириляпти.

Лойиҳа Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп томонлама трансчегаравий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга, тотувлик ва ҳамжиҳатликни кенгайтириш, радикаллашувнинг олдини олиш, зўравон экстремизмнинг илдизлари ва ўзаро ижобий англашувнинг муҳимлиги тўғрисида хабардорликни ошириш, шунингдек, уч давлатнинг чегараолди ҳудудларида маҳаллий фуқаролик жамияти салоҳиятини ошириш мақсадларига қаратилган. Жорий йилнинг февраль ойида Фарғона давлат университети қошида ташкил этилган Дўстлик, миллатлараро келишув ва бағрикенглик маркази эса мулоқот майдонларидан бирига айланди.
Марказда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати кўмагида мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар учун 15 дан ортиқ гибрид форматдаги медиа тренинг ва семинарлар ташкил этилди. Натижада ҳар бир мақсадли мамлакатда «Ёшлар хабарчилари» ёшлар гуруҳлари тузилди. Марказ мақсадли мамлакатлар ёшлари учун таълим ва мунозара майдончаси вазифасини бажаришда давом этяпти.

Қайд этилишича, эндиликда Оммавий ахборот воситалари контентининг таҳлиллари асосида учта мамлакатда биргаликда қўлланиладиган медиа стратегия ишлаб чиқиляпти.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудларида кичик фестиваллар, маданият марказлари ишини қўллаб-қувватлаш, ахборот стендларини яратиш, маданий кўргазмалар каби бир қатор тадбирларни ўтказиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун грантлар ажратилади. Маҳаллий ҳокимият органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари учун камида 40 та мунозара дастурлари ва тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида режалаштирилган барча тадбирлар мақсадли мамлакат фуқароларини конструктив мулоқотга ўргатиш, ўз нуқтаи назарини малакали ва ишончли тарзда ифода этиш, суҳбатдошнинг фикри ва нуқтаи назарига ҳурмат билан тинглаш, чегарадош давлатлар ёшлари ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш ва ўзаро мулоқот қилиш учун мўлжалланган.

Давра суҳбати натижаларига кўра, уч мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, жараёнларга чегарадош ҳудудлар аҳолисини жалб этиш, улар ўртасида конструктив мулоқот ўрнатиш бўйича таклиф ва тавсиялар шакллантирилди.


«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.