Бугун эрта тонгдан Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, адабиётшунос олимлар, зиёлилар, талаба-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов йиғилганларни ҳазрат Навоий таваллуди байрами билан қутлаб, улуғ бобокалонимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига, унинг асарларидаги маънавий-тарбиявий жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова, филология фанлари доктори, Навоийшунос олим Хабибулло Жўраев шоир ижодини пухта ўрганиш, асарларини қайта ва қайта ўқиш, уларда улуғланган ғояларнинг ёш авлод тарбияси учун муҳим эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир давомида Фарғона шаҳридаги Президент мактабида таълим бераётган Канада, Буюк Британия, Филиппинлик устозлар, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан Алишер Навоий ғазалларидан намуналар ўқилди.
Шоирга эҳтиром тадбири сўнггида йиғилганлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.