Фарғонада ваколатли органлар томонидан ўтган 2020 йил мобайнида давлат хизматлари кўрсатилиши борасида 10 ярим мингга яқин қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси маълум қилади.

Ахборот хизмати маълумотларига кўра, ўтган 2020 йил давомида бошқарма ходимлари томонидан ваколатли органларнинг давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 10 минг 487 та қонун бузилишларга йўл қўйилган. Хусусан, давлат хизматларини кўрсатишда 10 минг 459 та ҳолатда муддатларни бузиш ва 21 та ҳолатда асоссиз рад этиш ҳолатлари аниқланган.

Давлат хизматларини кўрсатишдаги энг кўп муддат бузилиш ҳолатларига «Ўзтрансгаз» газ таъминоти корхоналари 5 664 та, «Ўзбекенерго» электр тармоқлари корхоналари 1 327 та йўл қўйган. Сув таъминоти корхонасида эса бу рақамлар 1 476 тани ташкил этди.

Ҳисобот даврида аниқланган мазкур қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 184 нафар шахслар маъмурий, 59 нафар шахс эса интизомий жавобгарликка тортилган, шу жумладан 5 нафар шахслар эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.