Сўнгги вақтларда ички ишлар органлари ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, ички ишлар органларига бориш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларни бажармаслик, ҳаттоки айрим ҳолатларда уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш, ҳуқуқбузарлар томонидан фуқароларга ҳам тан жароҳати етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу боис ички ишлар органлари ходимлари ҳамда жабрланган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига реал хавф бўлган тақдирда ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатларига зудлик билан чек кўйиш учун махсус восита — электрошок қурилмасидан фойдаланиш зарурати туғилмоқда.

Фарғона ИИБ ахборот хизмати раҳбари Исмоилжон Шариповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг меъёрий ҳужжатларида махсус воситалар, хусусан, электрошок қурилмасини қўллаш бўйича аниқ мезонлар кўрсатиб ўтилган. Албатта, ички ишлар органлари ходими хизмат фаолияти давомида электрошок қурилмасини қўллашдан аввал махсус тайёргарликдан, даврий текширувдан ўтказилади. Махсус тайёргарликдан ўтган ходимга тегишли сертификат берилади.

Айни жараёнда Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти, Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси махсус тайёргарлик ўқув маркази ўқитувчилари ва малакали тиббиёт ходимлари томонидан ички  ишлар органлари ходимлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилди. Машғулотларда махсус воситалар, шу жумладан, электрошок қурилмасини қўллаш тартиби, ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.

Машғулотлар якунида ҳодимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилди.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири