Анжуман Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларидаги маданий тараққиёти, халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва таҳлил қилишга бағишланган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий мемориал мажмуа раҳбари Темур Ширинов иштирок этди.
Меҳмонларни Фарғона давлат университети ректори, профессор Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳамда Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов кутиб олди.
Анжуман доирасида университетда ташкил этилган, Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти, мамлакат мустақиллиги ҳамда тараққиёти йўлидаги фаолиятига бағишланган фотосуратлар ва нашрлар кўргазмаси намойиш этилди.
Кўргазма давомида Ислом Каримовнинг давлат ва жамият тараққиётидаги фаолияти, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакат олдида турган вазифалар ҳамда тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги ташаббуслари ҳақида фикр алмашилди.
Анжуманда мустақиллик йилларида Ўзбекистон маданиятининг ривожланиш босқичлари, тарихий обидалар ва маданий меросни муҳофаза қилиш, миллий санъат ва адабиёт тараққиёти, маънавий қадриятларнинг жамият ҳаётидаги ўрни каби йўналишларда илмий маърузалар тингланди.
Тадбир олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳамда талаба-ёшлар ўртасида илмий фикр ва тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
«Ислом Каримов ўқишлари» доирасидаги мазкур анжуман миллий тарих ва маданий меросни чуқур ўрганиш, мустақиллик давридаги маданий жараёнларни илмий таҳлил қилиш ҳамда уларнинг аҳамиятини ёш авлодга етказишга қаратилган.
Ҳамкорлик материали