Ҳар йили Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг ўтказиб келинаётгани бу борада катта аҳамият касб этаётир, дейиш мумкин. Куни-кеча “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг якуний финал босқичи ўтказилиб, бу йилги ҳуқуқ билимдонларининг номлари аниқланди.

Унда танловнинг 1- ва 2-шартларини муваффақиятли бажариб, финал босқичига етиб борган Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи Фарғона вилояти сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи котиби Аброр Отабоев ҳам иштирок этди. Барча сиёсий-ҳуқуқий саволларга тезкорлик ва топқирлик билан аниқ жавоб берган А.Отабоев фахрли 1-ўринни эгаллаб, чин маънода ҳуқуқ билимдони дея эътироф этилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, фарғоналик ҳуқуқ билимдони А.Отабоев бу каби нуфузли танловларда бир неча йиллардан буён фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келади.

– Жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этиш учун, албатта, ўқиш-изланиш керак. Бизнинг ҳуқуқий маданиятимиз қонунларни қай даражада билишимиз билан белгиланади, деб ўйлайман. Сиёсий жараёнларга муносабатимизни шакллантириш ва қонунларга ҳурмат руҳини камол топтиришга қаратилган бундай танловлар биз учун сиёсий билимларимизни оширишда мактаб вазифасини бажармоқда. Танловнинг дастлабки босқичлари онлайн тарзда ўтказилгани жуда қулай бўлди. Боиси баҳолаш жараёни ҳам электрон тизимда ҳаққоний олиб борилди, - дейди Аброр Отабоев.

Қонунларимизни ўқиш, уни ўрганиш, мазмун-моҳиятини тушуниш ҳаётимизда жуда муҳим ўрин тутади. Шундагина, ўз ҳуқуқларимизни англаб етамиз.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

журналист