Юртимизнинг энг чекка ҳудудида ҳам мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш борасида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш, яхши шарт-шароитда камол топишига катта эътибор қаратиляпти. Зотан, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунда бунга доир давлат кафолатлари таъминланган. Ҳар бир бола мактабгача таълим-тарбия олиш ҳуқуқига эга экани белгиланган.
Жиззах вилоятининг чекка ҳудудларидан бўлган Фориш туманида ҳам ўғил-қизларнинг қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш борасида муайян ишлар бажариляпти. Жумладан, ҳудудда 60 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, айни пайтда уларда бир ярим минг бола тарбияланмоқда. Шунингдек, 57 та қисқа муддатли гуруҳ орқали қўшимча 1710 ўғил-қиз мактабгача таълимга қамраб олинди.
Ўтган даврда давлат-хусусий шериклик асосида очилган олтита нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 400 дан зиёд бола таълим-тарбия оляпти. Чекка туман миқёсида бу чакана кўрсаткич эмас.
— “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган, ўттиз ёшга тўлмаган ёшлардан 15 нафарини боғчага ишга олганмиз, — дейди Фориш туманидаги 7-мактабгача таълим ташкилоти директори Зуҳра Ғозиева. — Боғчамизда кам таъминланган оилаларнинг 18 нафар фарзанди имтиёзли равишда тарбияланади. Яна олти нафарининг бадал пули ҳомийлик асосида қопланади. Болалар “Илк қадам” давлат дастури асосида зарур таълим-тарбия оляпти. Такомиллаштирилган “Илк қадам” давлат дастури бўйича малака ошириб келган тарбиячиларимиз буни семинарлар орқали бошқа педагогларга ҳам етказмоқда.
Қолаверса, тарбияланувчиларимизни сифатли ва тўғри овқатлантириш, саломатлигини муҳофаза қилиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз. Ошхонамизда болаларимиз учун 24 хил сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериляпти. Ошпазларимиз махсус сертификат ва етарли кўникмаларга эгалиги бу борада қўл келяпти.
Мазкур муассаса 2018 йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган, ўтган йили қурилиш ишлари якунланиб, қайта очилган эди. Зуҳра Ғозиеванинг айтишича, боғча артезиан қудуғи орқали ичимлик сув билан таъминланган. “Яшил макон” умуммиллий давлат дастури доирасидаги ишлар ҳам ўз вақтида бажариляпти. Жумладан, ноябрь ойида 300 тупдан зиёд дарахт экилди.
Келгусида боғча ҳовлисида иссиқхона ташкил этилади. Бу истеъмол учун экологик тоза ва сифатли маҳсулотлар етиштиришда катта аҳамиятга эга. Бугун кўплаб муассасалар қатори 7-мактабгача таълим ташкилоти ҳам замонавий жиҳозланган. Компьютерлаштирилиб, ҳамма хоналар овозли камералар билан жиҳозланган. Интернет тармоғига уланган. Ўйин фаолияти замонавий технологиялар асосида олиб бориляпти.
Тарбиячиларнинг саъй-ҳаракати билан бу йил боғча тарбияланувчилари шахмат бўйича туманда тўртинчи, расм чизиш маҳорати борасида учинчи ўринни эгаллади. МТТ ҳамшираси “Йил ҳамшираси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичида 2-ўринга лойиқ топилди.
Форишда мева-сабзавот ўзида етиштирилиб, сифатли маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминлайдиган муассаса бор. Туманнинг “Учқулоч” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 6-мактабгача таълим ташкилоти 2019 йилда қайта таъмирдан чиқарилган. Бугун 150 нафар болани бағрида жамлаган.
— Болалар билимини оширишда кўпроқ масъулият ота-оналарга юклатилади. Ҳар бир ишимиз маҳалла аҳли, ота-оналар ва ҳудуддаги 10-мактаб билан ҳамкорликда бажарилади. Мактабгача таълим муассасасига қатнамайдиган болалар учун қисқа муддатли гуруҳлар, тўгараклар ташкил қилганмиз. Ҳозир бу ерда инглиз тили, мусиқа, жисмоний тарбия тўгараклари мавжудб — дейди боғча мудираси Муҳаббат Равшанова. — Фарзандларимизни салоҳиятли ўғил-қизлар қилиб тарбиялашга ҳаракат қиляпмиз.
Боланинг жисмоний ҳаракати, руҳий ҳолати, одоб-ахлоқи уйғун бўлса, келажагини таъминлай оламиз. “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида мактабгача таълим муассасасини гулзорга айлантиришни мақсад қилганмиз. Чунки болаларимизнинг тоза табиатни кўргиси, ундан завқ олгиси келади. Бундан руҳи тетик бўлади. Шунинг учун астойдил ишлаяпмиз.
Бугун юртимиздаги ободонлаштириш ишлари натижасида мактабгача таълим муассасалари ҳам замонавий қиёфа акс этиб бормоқда. Бизнинг чекка ҳудуддаги боғчамизда яратилган шарт-шароитлар фикримизни тасдиқлайди. Бундай имкониятлардан ота-оналар жуда миннатдор. Янгиликни таълим-тарбияда қўллаш учун ўқиш жараёнида интерфаол усуллардан фойдаланяпмиз. Бу борада тарбиячилардан тортиб ёрдамчи тарбиячиларни ҳам билим олишга, ўқишга жалб қилиб келяпмиз.
“Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 3-мактабгача таълим ташкилотида уч юздан зиёд тарбияланувчи бор. Рус, инглиз тили тўгараклари ишлаб турибди. Яқинда кураш тўгараги, каратэ машғулоти йўлга қўйилди. Турли мусобақалар ташкиллаштириб келинмоқда. Ментал арифметика машғулотларини ўтиш йўлга қўйилади.
— Боғчамизда 61 ходим фаолият юритади, улардан 29 нафари педагог, — дейди МТТ методист тарбиячиси Насрин Ибодова. — Инновацион муҳит яратиш бўйича тадбир ташкил этяпмиз. Ҳар ойда шундай тадбирлар ўтказилади. Хоналар ой номига мос равишда жиҳозланади. Соҳадаги янгиликлардан бири шуки, болалар онлайн йўқламадан ўтказилмоқда. Бу эса ишимизни енгиллаштирди.
Вилоятнинг олис ҳудудидаги мактабгача таълим муассасаларида яратилаётган шароитлар инсон қадрини улуғлаш, ҳур ва фаровон юртнинг болалари соғлом ва билимли бўлиб улғайиши учун қилинаётганини англатади. Зеро, инсон қадри улуғланган юртдагина фарзандлар эркин ва баркамол вояга етади.