Ишга бориб қайтаётганимда деярли ҳар куни Тошкент ер усти метросининг Сергели йўналиши қурувчиларига кўзим тушарди. Баҳор ва кузнинг ўзгарувчан об-ҳавосида ҳам, саратоннинг жазирамасида ҳам, қишнинг изғиринида ҳам улар тинимсиз меҳнат қиларди. Мана шундай улкан шижоат эвазига қурилган йўналишнинг очилиши пойтахтликлар ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси ҳаётида катта енгиллик ясади. Биргина менинг кичик оилам мисолида ҳам бу бахтиёрлик ифодаси ўз аксини топди.

Кичик ўғлим ҳафтанинг уч кунида 19:00 дан 21:00 гача пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги ўқув марказида ахборот технологиялари бўйича машғулотларга қатнаётгани туфайли уйга ярим тунда қайтади. Тўғриси, ундан жуда хавотир олардик. Аксига олиб, ўқиш вақтини эртароққа ўтказишнинг ҳам ҳозирча иложи йўқ.

Тарихий сана — шу йилнинг 26 декабрь куни у одатдагидан анча — бир ярим соат чамаси барвақт уйга кириб келди. Бундан ҳайрон қолган онаси: “Нега бугун эрта келдинг, дарс бўлмадими?” деб сўради. Кайфияти кўтаринкилиги шундоқ юз-кўзидан кўриниб турган ўғлим онасига яқинда ишга туширилган Сергели метросининг илк йўловчиларидан бири бўлганини, метрода, унинг янги бекатларида хизматчи ва йўловчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Унинг хурсандлигига шерик бўлган турмуш ўртоғим телевизор орқали янги метро йўналиши ҳақида эфирга узатилган лавҳадан олган таассуротини сўзлаб беради.

Ширин ўйга чўмаман, бу ердаги беш йилча олдинги манзара кўз олдимда намоён бўлади: кенг дала, қулупнайзор. Рости, ўша пайтлари Сергелида шунча кўп қаватли уй қурилади, бу ерга метро келади, деса ҳеч ким ишонмасди. Президентимизнинг ташаббуси билан бу ишларга қўл урилди ва ўтган қисқа вақт мобайнида, пандемия шароитига қарамай, қурилиш билан боғлиқ жуда катта ҳажмда иш бажарилди. Минглаб оилалар уй-жойли, ишли бўлди. Кўплаб иншоотлар бўй чўзди. Бугун биз фойдаланаётган метронинг Сергели йўналиши ишга тушди. Энди ўзингиз айтинг, бу каби эзгу ишларга бош-қош бўлаётганларга раҳмат айтмай, бу кунларга етказганига шукрона келтирмай, булардан қувонмай, фахрланмай бўладими?!

Чалғимайин, кичик ўғлим Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда, акаси эса Сингапур менежментни ривожлантириш институтида таълим олади. Зангиота туманининг Сергели маҳалаларига чегарадош “Чорбоғ” мақалласида қурилган намунавий уйларда яшаймиз. Бу ерга кўчиб келганимизга ҳадемай беш йил тўлади. Фарзандларим шаҳар марказидаги илм даргоҳларида билим олаётгани учун бу ердан ўқишга қатнашга қийналарди. Лицей ва институтга учта транспорт алмашиб боришга мажбур бўларди. Ярим соатлаб тирбандликда туриш катталар сингари шу йигитчаларни ҳам асабийлаштирганидан, бу ҳолат сабаб ўқишдан кеч қолган пайтлари бўлганидан, бунинг учун устозларидан бир неча бор танбеҳ эшитганидан хабардорман. Янги метро линиясининг фойдаланишга топширилгани биз каби қанчадан-қанча юртдошларимизнининг бу каби вақт, маблағ билан боғлиқ муаммоларини ечиш, уларга катта қулайлик яратиш имконини бергани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Нимадандир хурсанд бўлсам, баъзан бу ҳақда ким биландир гаплашгим келади. Қишлоққа — онамга қўнғироқ қилдим. Янгиликдан жуда хурсанд бўлди. Худо хоҳласа, Тошкентга борганимда мени янги метрога миндирасан, деди яхши ният қилиб. Телефон орқали мулоқотимиз давом этар экан, онам қишлоғимизда одамларни рози қилиш, аҳолига қулайлик яратиш учун бажарилаётган ишлар ҳақида ҳам гапирди. Суҳбатимиз якунида узундан-узун дуо қилди. Юртимизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, халқимизга фаровонлик тилади.

Якшанба куни катта ўғлим газетада давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқини қайта-қайта ўқиб чиққанини, Президентимиз ўз нутқида келгуси ўқув йилидан бошлаб, республикамиздаги хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва бошқа номдор стипендиялар жорий этилишини маълум қилгани ўзи каби йигит-қизлар учун катта эътибор, имтиёз ва имконият эканини, бу минглаб ёшларга мотивация берганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигидан баҳрамандлик умиди ўғлимга қандайдир куч, ўзига ишонч берганини унинг кўзи айтиб турарди.

Яқинларинг, қўни-қўшниларинг, юртдошларингни ҳаётдан бу каби рози бўлиб, завқ олиб яшаётганига гувоҳ бўлишнинг ўзи катта бахт аслида. Бу одамларни элу юртимиз тараққиётига, тинчлиги таъминланишига муносиб ҳисса қўшишга, янада фаол бўлишга ундаб, куч-ғайрат, кўтаринки кайфияту руҳият бахш этади. Ана шундай бахт, шижоат ҳеч биримизни асло тарк этмасин. Метронинг Сергели йўналиши барчамизга муборак бўлсин!

Холмурод САЛИМОВ,

журналист