Кўп ўтмай давлатларимиз мустақил бўлиб, чегаралар тақа-тақ ёпилди. Шунда бизда фуқаролик муаммоси пайдо бўлди. На Қирғизистон, на Ўзбекистон бизни ўз фуқароси сифатида қабул қилмади. Аро йўлда сарсон бўлиб қолдик.

Мустақилликнинг дастлабки йиллари ҳеч кимга осон бўлмади. Ҳамма нарсада тақчиллик кузатилди, рўзғор тебратиш қийин кечди. Бу ёғи бозор иқтисодиётига ўтиш дедик, бошқа дедик, хуллас, мамлакат оёққа туриши учун вақт керак бўлди.

Мана шундай даврда биз икки карра кўпроқ қийналдик. Бир томондан, ўтиш даври ташвиши, бошқа томондан, ҳақ-ҳуқуқсизлик муаммоси. Ҳеч бир давлат ҳимоясида эмаслик, фуқаросизлик киши қаддини букиб қўяр экан. Ҳозир бу хотираларни енгил айтяпман, лекин унинг ортида турган уқубат ва чорасизлик оқибатини бошидан ўтказган одамгина ҳис қилиши мумкинлигини ҳам яхши биламан.

Турмуш ўртоғим билан ўттиз йилча шу муаммо билан рўбарў яшадик. Бу орада фарзандларимиз улғая бошлади. Уларни боғчага, мактабга жойлаштириш ҳам катта муаммога айланди. Шу боис, болаларимнинг ҳам кўнгли ўксик эди. Мактабда, маҳалладаги тенгдошлари олдида тортиниб, қимтиниб юришди.

Бу йиллар оралиғида фуқаролик олиш учун қилган ҳаракатларимиз зое кетди. Менда яна бир армон бор эди. Ота-онамни, яқинларимни ўз вақтида бориб кўролмадим, ҳол сўролмадим, яхши-ёмон кунида улар ёнида бўлолмадим.

Тўғри, тадбиркорлик қилдик, бунинг ортидан устимиз бут, рўзғоримиз тўкис бўлди. Аммо ҳаётда бир инсон бахтли бўлиши учун шунинг ўзи ёки бойлик ҳам камлик қилишини мана биз яхши тушунамиз...

Аллоҳга шукр, Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу тақдиримизни ҳам ўзгартириб юборди. Узоқ йиллик ниятимизга етдик. Ўтган йили менга ва оила аъзоларимга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Бу биз учун жуда катта фахр ва шарафлигини айтишдан чарчамайман. Чунки бугун ҳаётимиз тубдан ўзгарган. Ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Мен пул ёки бошқа моддий нарсалар ҳақида гапирмаяпман. Ўзим, хотиним, фарзандларим қалбидаги тўлиқлик ҳақида айтяпман.

Яқинда оиламиз билан Ўшга бориб келдик. Ака-укалар, опа-сингиллар, ошна-оғайнилар билан дийдорлашдик. Тўғри, ўртадаги айрилиқ қисмати ўрнини тўлдириб бўлмас жудоликлар олиб келган эди. Энди ота-онамиз йўқ, биз билган яқинлар, дўстлар сафи ҳам сийраклашган. Аммо бугунги ҳаётимизнинг янги суръати ва мазмуни кўнглимизни кўтаради. Фарзандларимиз келажагидан кўнглимиз тўқлиги учун ҳам бахтлимиз.

Бугун қўшни давлатлар ўртасидаги муносабатлар жуда илиқлашган, яхши қўшнилик алоқалари ўрнатилди. Бу ҳам бизни хурсанд қилади. Шунинг учун ҳам шукрона айтамиз, бугунги озод ва обод ҳаётимизга кўз тегмасин, дея дуо қиламиз.

Муҳаммадрасул ҚОДИРОВ,

тадбиркор