Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11-апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёш авлодга янги имкониятлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Долзарблиги бўйича энг муҳим масала, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, биз учун ҳаёт-мамот масаласи – умидимиз, ишончимиз бўлган ёшлар билан ишлаш, уларга шароит яратишдан иборат.

Бугун ўта чигаллашган, турли қутбларга бўлиниб кетаётган дунёда ёшларни эркин фикрли, оқ-қорани ажрата оладиган шахс сифатида шаклланишида нималарга эътибор беришимиз керак? Жамиятда ўз ўрнини топа олиши, бир касб-ҳунарнинг бошини тута олиши учун қандай ишларни амалга ошириш керак? Руҳияти мустаҳкам, билимли, иродали, ҳаётни ҳамма гўзалликлари билан кўра оладиган ёшлар бугунимиз, улар келажагимиз устуни бўлади.

Дарслар жадвалига мувофиқ талабаларга мутахассислик фанидан дарс бериш учун аудиторияга кирар эканман, ҳар бирининг кўзига диққат билан қараб, маъносини уқишга ҳаракат қиламан ва уларнинг кўзида келажакка ва ўзига ишонч борлигини кўраман. Теран нигоҳли, қатъий иродали ёшларни кўриб хурсанд бўламан. Ўзим адабиётга, тарихга қизиққаним боис талабаларга мана шу мавзуларда ҳам саволлар бераман, уларнинг фикрлаши, дунёқараши, қизиқиш доираси мен учун муҳим. Олим бўлиши мумкин, аммо биринчи ўринда одам бўлиши тарафдориман.

Замонавий ижтимоий ҳаётнинг ўзгариш, янгиланиш жараёни таълим тизимининг модернизацияси билан чамбарчас боғлиқ. Жамиятдаги ўзгаришлар албатта таълим тизими, шунингдек, унинг иштирокчилари –ўқитувчилар ва талабаларга ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Бугун уларнинг ижтимоий-психологик ва шахсий баркамоллигига алоҳида талаблар пайдо бўлмоқда. Фикрлар хилма-хиллиги авж олган даврда тўғри таҳлил эта олиш бугунги кунда ўта муҳим масала.

Албатта, олий таълим муассасасининг асосий вазифаси сифатли таълим бериш, меҳнат бозорида билим, малакаси билан рақобатга дош бера оладиган мутахассисларни етиштиришдан иборат. Билим салоҳияти юқори, маънан юксак қадриятларга эга профессор-ўқитувчигина талабага ҳар томонлама ибрат бўла олади. Олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда муносиб ўринларни эгаллаётганлиги, нуфузли илмий нашрлардаги мақолалар сонининг ва сифатининг ортиб бораётганлиги, соҳага оид муаммолар билан ишлаётганлиги ва бунинг натижасида кўплаб ихтиро патентлари, фойдали моделлар учун гувоҳномалар олинаётганини айтиш мумкин.

Бугун профессор-ўқитувчи қуруқ, енгил-елпи билим билан талабанинг олдига боролмайди. Боиси чуқур билим, асосланган ахборот, янги илмий маълумотга эга бўлмасангиз, аудиториянинг ўзи ўқитувчини сиқиб чиқаради. Ўқитувчи талабага нафақат билим бериши, балки ўзининг ҳаётий тажрибаси ва маърифат дунёсидан келиб чиқиб, унинг шахсий камолоти учун ҳам ҳисса қўшиши керак. Шахсан ўзимнинг ҳаёт йўлимда менга шундай устоз учраганки, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда менга берган билимлари, ўгитлари ва кўрсатмалари ҳаёт йўлимда ҳали ҳам шамчироқдек ёруғлик сочиб туради. Ҳозир ҳам улар билан фикр алмашишдан ва кўрсатмалар олишдан баҳраманд эканлигимдан хурсандман.

Бугун юртимиз Ўзбекистон асл ва том маънода ҳам жуда улкан ислоҳотлар майдонига айланган. Халқимизнинг онги, дунёқараши, яшаш тарзи, турмуш даражаси ўзгариб, янгиланиб, яхшиланиб бормоқда. Шу билан биргаликда талабаларга, ёшларимизга яратилаётган имкониятлар келажакда уларнинг жамият ва ватанимиз корига ярайдиган етук кадрлар бўлиб этишишига, мукаммал билим эгаллашига мустаҳкам пойдевор бўлаяпти, деб баралла айта оламан. Бундан фойдаланаётган ва тинимсиз ўз устида ишлаб изланаётган ёшлар келажакнинг эгалари эканлиги мени қувонтиради.

Видеоселекторда Президентимиз томонидан кўтарилган ҳар бир масала ёшларнинг кафолатли келажагини таъминлаш учун қўйилган залворли қадамдир. Бу масалалар - иқтисодий, ижтимоий, маънавий, руҳий камолот – ҳар биримиздан чин дилдан ёндашувни, ҳар бир бола, ўқувчи, талабага фарзандимиздек муносабатда бўлишни талаб этади. Боланинг бегонаси бўлмаганидек, ҳар бир муаммо ва масаланинг ҳам ечимига ҳеч биримиз бефарқ бўлолмаймиз.Чунки, бу ватан, бу юрт, ёшлар бизники, ўзимизники.

Видеоселекторда кўтарилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча филиалимизда Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда ижтимоий соҳа раҳбар ва ходимлари таклиф этилиб, ёшларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш бўйича ўқув-семинари ташкил этилди. Унда олийгоҳимиз талабалари томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган “Заковат” интеллектуал ўйинлари, спорт тўгаракларининг машғулотлари, китобхонлик кечаси, компьютер технологияси бўйича ўқув-амалий машғулотлар ҳамда иқтидорли ёшлар иштирокида концерт дастурлари ташкиллаштирилди.

ТДТУ Олмалиқ филиали техника йўналишидаги олий таълим муассасаси бўлишига қарамай, иқтидорли талабаларни кашф этиш, уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқариш юзасидан жуда катта амалий ишлар қилинмоқда. Филиал “Заковат”чилари республика ОТМ жамоалари ўртасида пешқадамлардан бири ҳисобланади ва бугунги кунда вилоят ўйинларида координаторлик вазифасини ҳам бажармоқда. Талаба ёшларнинг “Заковат” ўйинларига кучли қизиши қувонарли ҳол, бизнинг олийгоҳимизнинг ўзида 30 дан ортиқ жамоалар рўйхатдан ўтиб, турли босқичларда куч синашиб келишмоқда.

Худди шунингдек, филиалдаги 5та талабалар театр жамоалари ҳам ўз сафларига энг истеъдодли ёшларни жамлаган ва бу жамоа аъзоси бўлиш учун улар катта кастинг танловидан ўтишади. Театрнинг турли жанрлари бўйича асарларни саҳналаштираётган талабаларнинг йил сайин маҳорати ошиб, вилоят танловларида ғолибликка эришиб, ҳудудий танловларда ҳам юқори натижаларни кўрсатишмоқда. Худди шунингдек, бадиий сўз санъатига ихлосманд талабалар ҳам “Олмалиқ оҳанглари” деб номланган тўгарак аъзоларидир. Ўзбек миллий ва Европа мусиқий чолғу асбоблари ҳам иқтидорли талабалар ихтиёрида бўлиб, бадиий кечалар, ёшлар давраларида улар ҳам ўз ижодларини намоён этиш имкониятига эга.

Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Видеоселекторда давлатимиз раҳбарининг жонкуярлик билан ҳар бир масалага чуқур ёндашиб, ёшлар сиёсатини давлат сиёсати даражасига олиб чиқишида катта маъно бор. Дунё бўйлаб фикрлар чигаллашуви жараёнида биз фарзандларимизни асраб-авайлаб, тўғри йўлда бўлишлари учун масъулмиз.

Алишер Самадов,

ТДТУ Олмалиқ филиали директори,

т.ф.д., профессор