Дарҳақиқат, китоб мутолааси инсонни маънан юксалтириб, ҳаётда тўғри яшашга ўргатади.
Мутолаа учун тўғри танланган асар инсонга мустаҳкам ирода ва мақсад сари олға боришда куч бағишлайди. Ижтимоий фаол, саводхон, тафаккури бой, равон нутқ соҳиби бўлиш имконини беради.
Бирсўз билан айтганда, жамият вакилларининг китобхонлиги унинг тараққиёти даражасини белгиловчи омилдир.
Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасида мутолаа маданиятини ошириш, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида «Фарзандларимизга китоб совға қилайлик!» деб номланган китоблар ярмаркаси ташкил этилди.
«Ўқитувчи» ва «Азон китоблари» нашриётлари ҳамкорлигида ўтказилган китоблар ярмаркаси Инспекция ходимларига фарзандлари учун китоб совға қилиш имконини яратди.
— Иш, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ҳар доим ҳам китоб дўконларига, кутубхоналарга боришга имкон топилмайди. Бироқ Инспекциямизда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш тўғри йўлга қўйилгани, қолаверса ходимларнинг ишдан бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида маънавий тадбирлар, китобхонлик кечалари, турли ижодий учрашувлар мунтазам ўтказиб келинмоқда, — дейди Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси бош инспектори Шоҳрух Шодиев.
— Инспекциямизда ҳафтанинг ҳар жума кунида «Маънавият соати», ҳар ойнинг охирги ҳафтасида «Китобхонлик соати» каби маърифий тадбирларни ўтказиш анъанага айланиб бораётгани қувонарли, албатта. Бугунги китоблар ярмаркаси ана шу ишларнинг узвий давоми бўлди.
Китоблар ярмаркасида Давлат солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси Гавҳар Муқаддасова ва Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Олимов иштирок этди.
Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро
давлат солиқ инспекцияси Матбуот хизмати