Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини нишонлаш тўғрисида”ги фармонига асосан бу йил ҳам соҳа ходимлари август ойининг биринчи якшанбасини касб байрами сифатида нишонлади. Байрам арафасида Испаниянинг Бильбао портидан юртимизга олиб келинган поезднинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда рўй берган ўзгаришлар, халқимиз турмуш даражаси юксалишида темирйўлчиларнинг, халқаро ҳамкорлик ҳамда йирик лойиҳалар сонининг ортиб боришида малакали мутахассисларнинг хизматлари катта. Бугунга келиб аъзолар сони 91 минг 889 нафарни ташкил этган Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан темирйўлчиларнинг хавфсизлиги, соғлиғи, ижтимоий ҳолатига катта эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, ўтган йили пандемия даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимлар, пенсионер ва фахрий касаба уюшма фаоллари ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланди. 2021 йил 6 ой мобайнида ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг соғлиғини тиклаш учун бугунга қадар санаторийларга 404 та йўлланма ажратилди.

Темирйўлчилар касб байрами арафасида касаба уюшма қўмиталари томонидан ишчи-ходимларга гўшт ва тухум махсулотлари тарқатилди. Барча касаба уюшма қўмиталари томонидан нафақахўр пенсионерлар йўқланиб, озиқ-овқат тўпламлари билан уйларига ташриф буюрилиб, улар ҳолидан хабар олинди.

Фаол темирйўлчилар фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари ёки пул мукофоти билан рағбатлантирилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги ташкилот ва муассасаларида ўзининг намунали меҳнати билан касаба уюшмаси аъзоларига ўрнак бўлаётган, ташаббускор ва ташкилотчи, жамоат ишларида фаоллик кўрсатаётган 100 нафар ходимлар ҳамда Республика Кенгаши ва тармоқ ташкилотларида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган 50 нафар фаҳрийларга самимий тилаклар битилган байрам табрикномалари ҳамда 1 миллион сўмдан пул маблағлари етказилди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча темирйўлчи касб эгалари, ҳамкасбларимизни, сохани ижтимоий қўллаб-қувватлашда ўз хизматларини аямай меҳнат қилаётган касаба уюшмаси фаолларини мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида нишонланаётган темирйўлчилар касб байрами билан самимий табриклайман. Юртимизнинг буюк келажаги, халқимизнинг бахту-саодати, соҳамизнинг бундан-да юксак тараққиёти йўлида олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик фаолиятларида улкан зафарлар тилайман.

Қутлимурат САБИРОВ,

Ўзбекистон темирйўлчилари ва

 транспорт қурувчилари касаба уюшмаси

Республика Кенгаши раиси