Ўтган йилнинг июнь ойида Шароф Рашидов туманидаги аввал “Файзобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги тепалик бағридан, сўнгра “Сайҳонсой” маҳалласи ҳудудидаги баландликдан ғоят қадимий хилхоналар топилди. ЎзРФА Миллий археология марказининг Жиззах экспедицияси раҳбари Мухтор Пардаев ушбу объектлар бир неча авлоднинг хилхонаси бўлганини маълум қилди. Шу куннинг ўзидаёқ мутахассислар томонидан тезкор ва қисқа муддатли текширув ишлари ўтказилиб, мазкур дахманинг кўҳна Мовароуннаҳр, умуман, Шарқ маданиятига, ислом дунёси тарихига дахлдор экани таъкидланди.
Милоддан аввалги биринчи мингйилликнинг сўнгги чорагида Евроосиё даштларидан кўп сонли чорвадор аҳолининг энг йирик тўлқинларидан бири Марказий Осиёнинг ички ҳудуди, айниқса, жанубий минтақаларга кириб келади. Бу эса Уструшонадаги ижтимоий-сиёсий ҳолатга ҳам катта таъсир кўрсатади. Жараён ўтроқ аҳоли ва кўчманчилар ўртасидаги маданий алоқаларни янада фаоллаштирган. Бу даврга оид археологик материаллар Ўрта Сирдарё бўйининг турли маданият вакиллари учун мулоқот макони вазифасини ўтаганини кўрсатади.
Мавжуд археологик ва ёзма манбалар антик даврда кириб келган қабилаларнинг нуфус жиҳатдан кўпи юечжилар эканидан гувоҳлик бермоқда. Айрим манбаларда мазкур қабилалар маданиятида олдинги осиёликлар маданиятига ўхшаш жиҳатлар борлиги таъкидланади.
— Қадимги Уструшона давлатида оилавий қабрлар бўлиши урфга айланган, — дейди Жиззах давлат педагогика институти тарих факультети доценти Фурқат Тошбоев. — Бу каби объектлар тоғли ҳудудларда, Ўратепа атрофида ҳам топилган. Сағананинг ғиштларидан бу топилма ривожланган ўрта асрларга тааллуқли экани кўриниб турибди. Бу Хожа Аҳрор валий яшаган даврларга тўғри келади. Ўша пайтларда оилавий сағаналар Самарқандда ҳам кўп бўлган. Топилган дахма жуда пухта қурилган. Ғиштлари бир-бирини тўлдириб турибди. Майитлар тепадан Ғарбга қаратиб қўйилган. Ўзбекистон ҳудудида бу каби дахмалар кўп тадқиқ қилинган. Оилавий дахмалар анъанаси борлиги Б.Литвинский тадқиқотларида ўрганилган. Дахма — бу қабр устига ўрнатилган меъморий иншоот, мақбара. Баъзи юқори табақа вакиллари кўмиладиган алоҳида бино, ҳовлилар ҳам дахма дейилган. Улар қимматбаҳо, мустаҳкам тошлардан ишланиб, гўзал ва нафис нақшлар билан безатилган.
Тарихчининг айтишича, бу урф Қозоғистон ҳудудидаги кўплаб уруғларда бор. Юртимизда Тошкент, Фарғона, Навоийда мавжуд. Сағананинг айнан илдизи Уструшона, яъни Сирдарё, Жиззахнинг ғарбий ва шарқий томонида “куркат скелетлари” номи билан машҳур. У ерда дафнлар давомий бўлган. Файзобод дахмаси мана шу жиҳатни ўзида сақлаб қолган.
— Иккисининг боғлиқлиги шундаки, Сайҳонсойдаги қабр ҳам давомли, оилавий, гуруҳли хилхона бўлган, — дейди тарихчи Фурқат Тошбоев. — Бунда учта майитнинг боши Жанубга қаратиб қўйилган бўлса, иккитасиники Шарққа қаратиб қўйилган. Тартибсиз ҳолатда бўлган. Сабаби, эски суяклар сурилиб, ўрнига навбатдагиси — янгилари қўйилган.
Хожа Аҳрор валийнинг Жиззахда ери бўлган. Ўша даврларда оилавий дахмаларга дафн этиш урф эди. Файзободдаги дахма йирик зодагонлар оиласига мансубдир. Сабаби, одамлар ҳозирги шароитда бундай дахмаларни барпо қилолмайди. Сайҳонсойдаги қабр эса антик давр, яъни милоддан аввалги III-II асрларда яшаган кўчманчи қабилалар маданиятига мансуб. Бу қабрнинг ашёлари айнан милодий II-IV асрларга оид. Қабр — катакомба қабр. Бунинг хусусияти шундаки, узун давом этувчи айвон перпендикуляр ҳолатда сағанага келиб туташади. Унинг йўлаги тўрт ярим метрга чўзилган. Йўлак орқа тарафдан хилхонага келиб туташади. Катакомба қабрларнинг тарқалиши ҳам антик даврга тўғри келади. Хунлар, сармат ва юечжиларнинг катакомба қабрлари бўлган. Улар ашёларга бой.
Баъзи манбаларда юечжи подшоҳининг қабри топилганида ундан кўплаб қимматбаҳо ашёлар чиққани битилади. Хитой қўлёзмаларида номи қайд этилган юечжи ва усунлар майитларни шарқлик қўшнилари каби тошқутиларда эмас, балки қўрғонларда сақлаган.
Сайҳонсой сағанасидан II-IV асрларга оид сопол хурмача, кўза, сопол қозон, пичоқ учлари, исириқдон, сурмадон, ойна, жангчининг қиличини тутиб туришга мўлжалланган тўқа каби моддий ашёлар топилган. Қабрда олов аломатлари кузатилади. Ўша пайтда жасадларни ёқиш анъанаси бўлиб, Зомин тумани ҳудудидаги Ғулбо деган жойда ҳам шундай одат бўлган.
— Ҳайвоннинг суяклари ва кул қатлами топилди, — дейди Фурқат Тошбоев. — Бу қурбонлик маросимидан далолат. Биз илгари Ғулбода кўрганмиз бундай ҳолатни. Қабрнинг оёқ томонида чуқурчалар ковлаб қўйилганини кузатганмиз. Шундай анъаналар Сайҳонсойдаги дахмаларда жуда кўп учрайди.
Файзобод дахмаси кечмишнинг энг олис ва энг илк гувоҳларидан биридир. Сабаби, унинг халқимиз ҳали ўзбек номини олмасидан, ўзбек бўлиб шаклланмасидан ҳам аввалги даврлардан шоҳидлиги бор.
— Файзобод дахмасидаги бош суяклари европоидларга хос, ҳозирги одамларникига ўхшайди, — дейди тарихчи. — Ўзбек халқи антропологик шаклланиб бўлганидан кейинги шаклга оиддир. Сайҳонсойда ўрганилган бош суякларида ҳали тўлиқ ўзбек халқига хос хусусиятлар ўрганилмаган. Улар Миллий археология марказига ўрганиш учун юборилади. Бу устухонларда айнан дашт кўчманчиларига хос хусусиятлар мавжуд. Сайҳонсойда ўрганилган қабр ўз хусусиятига кўра катакомба қабрлар турига киради. Мозорқўрғонларда ўрганилган моддий ашёлар ва дафн маросимларида қадимги даврда кириб келган юечжи, хун, усун ва сармат қабилалари ҳамда илк ўрта асрларда кириб келган хионий, кидарий, эфталит ва турк хоқонлиги даври моддий-маънавий маданиятига мансуб хусусиятлар кузатилади. Бу мозорқўрғон ашёлари орасида кулоллик идишлари — сопол хурмача, ваза, исириқдон ва металл буюмлар, ойна, тўқа, пичоқ мавжуд. Мозорқўрғондаги идишлар, асосан, жасаднинг бош томони ва ёнига қўйилган бўлиб, уларнинг кўп қисмини аксар кўчманчилар даштида учрайдиган, қўлда ясалган сопол идишлар ташкил этади. Хурмачага ўхшаш мазкур идишлар Марказий Осиёнинг шимолий минтақаларида кенг ёйилган кўчманчилар моддий маданиятида кўп учрайди. Бу хилдаги сопол идишлар Қовунчи маданиятига оид ёдгорликлар, милодий I-II асрларга оид Фарғона водийси ва Чоч ҳудудидаги қурум ва муғхоналарда учрайди. Шунингдек, бу каби идишлар милоднинг I–IV асрларига оид Кугай, Қорабулоқ маданияти ўрта босқичларига тааллуқли сопол идишлар ва милод бошларига мансуб Қуйимозор ва Лавандоқ қабрларидаги сопол идишларга жуда ўхшаш.
Бу ердан даврнинг яна бир ўзига хослигини англатиб турувчи қадимий буюм — бронза кўзгу топилган. Бу топилма мозорқўрғондаги қабрда, ўртадаги жасаднинг олд тарафига, юзига қаратиб қўйилган. Кўзгу айлана шаклда бўлиб, сирти томонга текис бўртиб чиққан. Ушбу диск бир пайтлар кўзгу сифатида ишлатилгани ва эгаси вафот этгач, қабрга у билан бирга қўйилганига шубҳа йўқ. Машҳур олим Н.Горбунованинг таъкидлашича, “... у замонларда кўзгулар бронзадан қилинар ва уларнинг ярқиратиб тозаланган юзасида одам ўз аксини кўрар эди”. Кўзгунинг сиртига ялтироқ ишлов берилган, ички қисмида эса учта, қандайдир нарсани ёпиштириш учун ишлатилган металл елимнинг изи сақланиб қолган. Ушбу изларнинг иккитаси бир-бирига параллел ва 4 см масофада ёнма-ён, пастдагиси эса алоҳида жойлашган. Ёнма-ён турган эритма устига кўзгунинг тутқичи маҳкамланган.
Тарихшуноснинг маълумотига кўра, ушбу кўзгунинг ўхшашлари Шимолий Бақтриядаги Тўпхона мозорқўрғонида кўплаб қайд қилинган. Б.Литвинский Марказий Осиёда ўрганилган кўзгуларнинг пайдо бўлиши ҳамда улар билан боғлиқ дафн удумларини кенг таҳлил қилган. Текис тутқичли дисксимон кўзгуларни тўрт, тутқичсиз кўзгуларни эса уч турга ажратган. Бунга ўхшаш кўзгулар Зарафшон воҳасидаги Лавандоқ, Фарғона водийсидаги Ворух, Қорабулоқ, Боркарбоз мозорқўрғонларида ҳам қайд қилинган.
Антик ва илк ўрта асрларда Уструшонада ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг бир-бирини тўлдирувчи маданияти шаклланган. Археологик тадқиқотлар бу даврда мустаҳкам ҳимоя иншоотлари ва қалъаларга эга бўлган шаҳарларда, йирик қишлоқ ва қўрғонларда нуфузли қабила бошлиқлари, уруғ ёки жамоа оқсоқоллари, бой-бадавлат оилалар ва қисман ҳунармандлар яшаганини кўрсатади. Ҳунармандликнинг турли соҳалари ривожланди, тижорат гуркиради, суғориш иншоотлари қурилди. Бу жараён ўлка халқларининг моддий ва маънавий ҳаётига ҳам кучли таъсир кўрсатди. Қанғ даврида ўтроқ деҳқончилик ва шаҳарлар тараққий этиши билан бирга, атрофда яшовчи чорвадорлар билан ҳам ҳар томонлама алоқалар уйғунлаша боради.
— Қанғ конфедератив давлати тасарруфида бўлган Чоч, Илоқ, Уструшона каби қадимий деҳқончилик воҳаларида нафақат ўтроқ хўжалик тараққий этиб, шаҳарсозлик маданияти юксала борган, балки икки хил хўжалик соҳибларининг бир-бирини тўлдирувчи маданияти ҳам шаклланиб, сайқал топган, — дейди Фурқат Тошбоев. — Бу воҳалар атрофидаги бепоён дашт, тоғ ва тоғолди ҳудудларида қадимдан яшовчи ва кейинги даврларда келиб жойлашган чорвадор аҳолининг ижтимоий-сиёсий ва этномаданий ҳаётга таъсири ортиб борган. Уструшонада ўрганилган мозорқўрғонлар ашёлари кўчманчиларнинг Сирдарё орқали кириб келиши ва Жануб томон ўтиши ўлка халқларининг маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатганини тасдиқлайди. Бу ҳолат Уструшонанинг муҳим боғловчи ҳудуд бўлгани билан изоҳланади. Юечжи, хун ва усун каби қабилаларнинг баъзи гуруҳлари Жанубга ўтмасдан, воҳага туташ, чорва учун қулай жойларда қолиб кетган. Бу ерларни ўз қишловлари сифатида макон тутган. Улар ўтли яйловларни излаб, асосан, тоғолди даштликлари, дарё ва жилғалар бўйлаб, ҳали маҳаллий ўтроқ ва чорвадор аҳоли томонидан ўзлаштирилмаган ҳудудларда ўрнашган. Улар ихтисослашган хўжалик юритиш анъанасини давом эттириб, нафақат яйлов чорвачилиги, балки металлургия ва деҳқончилик билан ҳам шуғулланаверган.
Уструшона тоғларида жуда кўп металл конлари захираси мавжуд эди. Моҳир ҳунармандлар улардан унумли фойдалана билган ва ҳарбий қурол-аслаҳалар ишлаб чиқариш соҳаси янада кучайган. Аста-секин чорвадор ва ўтроқ аҳоли ўртасида айирбошлаш ва савдо-сотиқ алоқалари мустаҳкамлана борган. Моддий маданиятдаги сифат ўзгаришлари шундан гувоҳлик беради. Тадқиқ этилаётган мозорқўрғонлар соҳиблари ҳаёт фаолияти ҳам ана шу жараёнлар билан боғлиқ бўлган.
Мутахассислар фикрича, бу ер сайёҳлар келадиган зиёратгоҳга айлантирилиши лозим. Энди объект муҳофаза қилишга молик, давлат аҳамиятидаги, илмий қимматга эга жой саналади.
— Топилмамиз археологик ва архитектура ёдгорлиги сифатида вилоятимиздаги маданий мерос объектлари рўйхатига киритилиши кўзда тутилмоқда, — дейди вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи Синдор Қорабоев. — Бу бўйича маҳалла фуқаролар йиғини, жамоатчилик вакиллари билан бирга жамоатчи инспектор тайинлаш ҳамда ушбу объектда археология ва илмий-таҳлилий хулосаларни, қазув ишларини бажариш учун келишиб олинди. Бу дахма келажакда маданий мерос объектлари рўйхатидан ўрин олиб, давлат томонидан муҳофаза этилади.
Энди бизни тарихнинг сирли ва жозибали воқеликлари билан боғловчи яна иккита маскан бор. Мозийдан қолган бу ёдгорликларни асраб-авайлаб келажак авлодга етказиш, каттаю кичик қалбида маънавий меросимизга ҳурмат ва муҳаббат уйғотиш — галдаги вазифамиз.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,
журналист