«XXI асрда Инсон ҳуқуқлари келажаги» мавзусида ташкил этилган мазкур халқаро тадбир Туркия Омбудсмани институти ташкил этилганлигининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказиляпти. Унга 60 дан ортиқ хорижий давлатларнинг Омбудсманлари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Украина, Озарбайжон, Италия, Африка, Руминия, Молдова, Кения, Сербия, Венгрия, Норвегия, Франция, Қатар, Филиппин, Покистон, Бангладеш ва бошқа қатор мамлакатлар Омбудсманлари иштирок этди.
Мазкур конференцияда аҳолининг заиф қатламлари, айниқса аёллар, вояга етмаганлар, кексалар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини XXI асрдаги муаммолардан келиб чиқиб, самарали ҳимоя қилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ўрни муҳокама этиляпти.
Шунингдек, Шарқ ва Ғарб омбудсманларини бирлаштириш, турли мамлакатларнинг илғор тажрибалари билан танишиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Куннинг иккинчи ярмида Омбудсманлар делегациялари аъзолари Туркия Республикаси Президенти Администрациясига ташриф буюрди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўз сўзида Омбудсман институтининг ўрни ва аҳамиятига тўхталди. 2012 йилда Туркия президенти ташаббусига кўра, давлат органлари устидан назорат қилувчи ташкилот сифатида Туркия Омбудсмани институти жорий этилган.
Шундан сўнг, делегация аъзолари Туркия Президенти Администрацияси ҳудудида ташкил этилган кутубхонага ташриф буюрди. Қайд этилишича, мазкур кутубхонанинг очилиш маросимида шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирок этган. Кутубхонадаги китоб жавонлари жамланганда 3 километрни ташкил этувчи мазкур даргоҳда Ўзбекистон учун ҳам алоҳида бурчак ташкил этилган. Бой миллий ва маданий меросларни жамлаган мазкур кутубхона хизматларидан оддий фуқаролар ҳам фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, Туркия парламентига ҳам ташриф буюрилди ва меҳмонлар улар фаолияти билан таништирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.