— Жорий йилнинг 1 апрелидан ФҲДЁ органлари Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтиши билан ушбу йўналишда анча ўзгаришлар кутилмоқда, — деди Улуғбек Мухаммадиев. — Мисол учун, эндиликда ФҲДЁ органларини туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажрим тўғрисидаги гербли гувоҳномалари билан Давлат хизматлари агентлигининг буюртмаларига асосан тўғридан-тўғри таъминлаш тартиби жорий этилмоқда. Яъни “ЗАГС” ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссияларига тегишли гербли гувоҳномалар янада тезкорроқ етказилади.
Илгари 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд этиш фақат суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилар эди. Энди тегишли тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-она ёки улардан бири ва вояга етган боланинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан қайд этилади.
Шунингдек, тизимда бир қатор ҳужжатларни олиш тартиби соддалаштирилди. Масалан, фуқаролик ҳолатлари, жумладан, никоҳ ёки туғилганликни қайд этиш эндиликда гербли гувоҳномалар тақдим этилгандагина эмас, балки, ФҲДЁ архиви маълумотномалари асосида ҳам амалга оширилиши имконини беради. Бу эса фуқароларнинг нақди ва вақтини тежашга хизмат қилади.
Бола туғилганда бериладиган суюнчи пули, дафн маросими учун бир маротабалик нафақа пулларини олиш учун маълумотлар ҳам энди қўлма-қўл фуқароларга берилмасдан, Пенсия жамғармасига махсус электрон тизим орқали тўғридан-тўғри юборилади.
Бу борада, аввало, Агентлик ўз сафларини салоҳиятли кадрлар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки сифатли ва халқ ишончини қозона оладиган хизматларни фақатгина виждонли ва меҳнатсевар жамоа билан эришиш мумкин
Шу боис ҳам, тасарруфига ФҲДЁ соҳасини қабул қилган ДХА, биринчи навбатда тизимда фаолият юритувчи ходимларни аттестациядан ўтказиш ишларини бошлади. Эътиборлиси, шаффофликни таъминлаш учун ушбу синовлар Адлия вазирлиги мутахассислари томонидан ўтказилиб, тизимда юқори тажрибали кадрлар қолиши таъминланади.
Бундан ташқари, эндиликда, ФҲДЁ органларида техник ходим бўлиб ҳисобланувчи архивариус лавозими тугатилиб, бошқарувчи ҳисобланмиш 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилади. Яъни, соҳага тегишли маълумотга эга, ташаббускор, малакали кадрлар жалб қилинади.
Барчага аён, коррупция ҳолатларининг олдини олиш учун, авваламбор ходимларга муносиб иш шароитини яратиб, қилган меҳнатига адолатли ҳақ тўланиши лозим. Чунки яхши маош олган ходим, вазифасини сидқидилдан бажаришга ҳаракат қилади. Сўнггина назоратни кучайтириш лозим. Бу борада «ЗАГС» ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига тенглаштирилади.
Бу билан ФҲДЁ ходимлари ойлик иш ҳақлари ўрта ҳисобда 3 бараварга ошиши, ФҲДЁ органи мудираси иш ҳақи 5,0 млн. сўмга (1,5 млн. сўм бўлган), 1 ва 2-тоифали инспекторлар иш ҳақи 3,2-3,5 млн. сўмга етиши (1,2-1,3 млн. сўм бўлган) кўзда тутилмоқда.
Адолатни таъминлаш учун ФҲДЁ бўлимлари ва никоҳ уйлари мудирлари, инспекторлари ҳокимликлар тизимидаги ишлаган даври кўп йил ишлаганлиги учун устамалар тўлаш ҳамда мартаба даражалари олишга зарур бўлган иш стажига қўшилади. Шу билан бирга, уларга қўйиладиган талаблар ҳам шунга яраша бўлади.