Демоқчи бўлганим, бугун аксарият замондошларимиз ёши, касби, фаолиятидан қатъий назар глобал тўлқинларда “яшаб”, ижтимоий тармоқларда гўёки “эркин фикр” ёки “сўз эркинлиги” пардаси ортига беркиниб, сўзлаш, шахсий фикрни ифода этиш, қайсидир мавзу юзасидан ўз хулосасини бериш борасида ақл ва фикр тарбиясини унутиб, иш тутаётганлари ачинарлидир.
Аввало, фикр тарбияси, деган тушунчанинг асл моҳияти, унинг бадан тарбияси, руҳий тарбия, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, меҳнат тарбияси сингари ғоят муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаб етмаганлар халқимизнинг нафақат жонли, балки электрон сўзлашиш маданиятини ҳам тобора қашшоқлаштириб бораяпти, десак хато эмас.
Ўзим олий таълим тизими ходими, педагог сифатида бу ҳолатдан қаттиқ оғринавераман. Аввалига ижтимоий тармоқлардаги ёзма сўзлашувларда “қисқаликка интилиш” ваъжи билан ёзилган имло хатоларига тўла ёзишмалардан таъбимиз анча хира тортарди. Бунга кўзимиз ҳаминқадар ўрганиб ҳам қолди. Бу ҳам етмагандай, ўзи англаб-англамаган мавзуси юзасидан маънисиз тортишув ва баҳсларга киришаётган, айтаётган сўзининг исботи ва ҳеч қурса чин ишончи бўлмай туриб, сўз ўқини отаётганларнинг “онлайн жанг”идан кўнглимиз оза бошлади. Бу, айниқса, facebook ижтимоий тармоғининг асосий ишига ҳам айланиб қолди. Бирор кун йўқки, унда кимдир, нимадир ёки қайсидир ишга таъна тоши отилмаётган, кимнингдир хатоси обдон муҳокама қилинмаётган ва ёки ижтимоий ҳаётимиздаги қайсидир янгилик обдон “дўппосланмаётган” бўлса!
Масалан, яқинда ижтимоий тармоқда бир ҳамкасбимиз “мақсадидан узоқлашаётган олий таълим...” деб ёзғирганини ўқиб қолдим. Бу сўнгги беш-олти йил ичида юртимиздаги барча соҳалар қатори таълим тизимида, хусусан, олий таълим соҳасидаги янгиланиш ва ислоҳотларни кўрмаслик, яратилаётган имкониятлар, халқаро стандартларга мослашишга интилаётган тизимдаги ютуқларни тан олмаслик бўлиб туюлди менга. Тўғри, олий таълим коррупция илдизи отган тизимга айланиб қолган даврларни ҳам яшадик. Тизим маълум маънода маънавий-маърифий ботқоқликка тушган, ривожланиш ўрнига бир жойда депсиниб қолган йиллар ҳам бўлди. Бироқ, бугун камчиликларимизни ўзимиз ошкора танқид қилиб, давлатимиз раҳбари етакчилигида том маънода ўнгланмоқдамиз, бу борада дунё талабларига мослашяпмиз. Оддий мисол, ҳозирда олий таълим тизими ходимлари меҳнати муносиб баҳоланаётганига, шунга яраша юксак талаб ва масъулият юкланаётганига барчамиз гувоҳмиз. Қолаверса, бугунги ёшлар олий ўқув юртига кириш учун бир вақтнинг ўзида бешта олийгоҳни танлаш имконига эга бўлишди. Бу, беш йиллик имконият бир йилда жамланди, дегани эмасми? Энг қувончлиси, мамлакатимизда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари сони сўнгги йилларда уч баробарга кўпайгани, уларда таълим сифатини тубдан ислоҳ қилинаётгани ҳайрли мақсадидан узоқлашиш эмас, олдинга интилиш натижаси эмасми?! Хуллас, бир мавзуни муҳокама қилиш, шахсий фикрни баён этишда айнан фикр ва уни ифода этиш тарбиясига амал қилмаётганимиз оғриқли.. Бунда нопок фикрли кимсалар бошқалар ҳам ўз қарашларини юқтиришга уринадилар. Бу ҳам жаҳолатнинг бир тури, аслида. Зотан, “Оғзига келганни демак нодоннинг иши”, дейдилар ҳазрат Навоий. Демак, “ўйига келганни ёзмак” балосидан ҳам қутулишимиз шунчалик муҳим экан.
Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ўгитини эслаш ўринлидир: “Фикр тарбияси энг керакли, кўп замонлардан бери тақдир қилинуб келган, муаллимларнинг диққатларига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратли бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлиқдур. Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан ойилмайдурган, бирининг вужуди бир бирига бойланган жон ила тан кабидур. Масалан: жой солинмаган яхши бир уйнинг ичида ўтирмак мумкин ўлмадиғи каби, ичига ҳар хил янги ашёлар тўлдуруб зийнатланган эски иморат ҳам ўлтурушга ярамайдур”.
Англашиладики, бугун замонамиз қанчалик шиддатли ва тезкор бўлмасин, фикрлашимиз ва унинг самараси бўлган сўзларимизни хоҳ ижтимоий тармоқлар, электрон нашрларда, хоҳ ўзаро суҳбатларда бўлсин, бошқаларга маълум қилишга шошилишга, ҳақсизмиз. Акс ҳолда, нафақат кўнгиллар хиралигини ошириш, балки жамиятда умумий бадкайфият уйғотиш, шунингдек, униб-ўсиб келаётган ёш авлод тафаккурига, уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш, фарзандларимизни ақл ва фикр тарбиясидан мосуво бўлиб улғайишларига сабабчи бўлиб қолишимиз ҳеч гап эмас.
Таъкидлаш керакки, биз интилаётган Янги Ўзбекистоннинг янги Ренессанси пойдевори, энг аввало, таълим ва тарбияга, билимга асосланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида улуғ аждодларимизнинг «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!» деган ўгитларини бежиз таъкидламаганлар. Айни шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, теран ақл заковат, гўзал тарбия, юксак билимгина бизни ёруғ маррага, эзгу мақсадларимизга етказишига ишонмоғимиз керак.
Бундан яққол кўринадики, интернет маданияти, ижтимоий тармоқларда ўзаро сўзлашиш, фикр алмашиш этикасини эгаллаш ҳам юқоридаги ҳар уччала омилни бирдай талаб этади. Демак, айтар ва ёзар сўзимизни, аввало, ақл ва тарбия тарозига солиб кўриб, кейин хулоса қилсак, асло ютқазмаймиз. Зеро, Авлоний бобомиз бонг урганидек, фикримиз ойнаси занг олмаса, руҳиятимиз, ҳаётимиз ҳам нурсиз қолмайди:
Фикр агар яхши тарбият топса,
Ханжар, олмосдан бўлур ўткир.
Фикрнинг ойинаси олурса занг
Руҳи равшан замир ўлур бенур.
Зуҳро АКБАРОВА,
Фарғона давлат университети доценти,
филология фанлари доктори.