ИИВ ҳузуридаги Кибержиноятчиликка қарши кураши маркази янада огоҳликка ундайди. Унда Самарқанд вилоятининг Пойариқ туманида рўй берган воқеалар маълум қилинади.

Самарқанд вилояти Пойариқ туманида яшовчи 29 ёшли Б.М. ҳамда 32 ёшли Р.М.лар ариза билан мурожаат қилди.

Таъкидланишича, «Телеграм» мессенжеридаги «Пойариқ» номли гуруҳда «номаълум шахс» ўзини кунжара ем сотиш билан шуғулланишини айтиб, уларнинг ишончига кирган. Н.Ш. номига расмийлаштирилган банк пластик картасига жами 4.700.000 сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олганидан сўнг, телефон рақамини ўчириб қўйган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу жиноятни Самарқанд вилояти, Пойариқ туманида яшовчи 36 ёшли Н.Ш. томонидан содир этилгани аниқланди.

Жиноят содир этган Н.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қонунга мувофиқ, Н.Ш. содир этган жиноий ҳаракатлари учун беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.