Мазкур ҳужжатнинг мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришдан иборатдир.
Ана шу мақсадда, адлия органлари томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш борасида “Адлия куни” жорий этилмоқда. Бунда аҳоли томонидан кўтарилган муаммолар жойларга чиқилган ҳолда ўрганилади ва ҳал қилинади. Шунингдек, “Ҳуқуқий кўмак” аксиялари ўтказилади. Бунда уйма-уй юрган ҳолда фуқароларнинг муаммолари, уларни қийнаётган масалалар ўрганилиб, ушбу ҳолатга тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрланади.
Бугунги кунда “маҳалла еттилиги” тизими жойларда яхши самара бераяпти. Мазкур тизимнинг қонунчилик ҳужжатлари мавжуд бўлсада, кенг аҳоли қатлами бу каби қонун ҳужжатларининг мазмунини тўлақонли тушуна олмаяпти. Бунга ечим сифатида адлия органларига янги вазифалар юклатилмоқда. Хусусан, эндиликда “Онлайин маҳалла” платформасига аҳолини қийнаб келган масалалар ёхуд саволлар жойланади ва тегишли мутахассислар ушбу мурожаатларга ҳуқуқий ёрдам тариқасида жавоб беради.
Ҳар бир шахс ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаши, эркинликларини кафолатланишини таъминланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу аснода юридик ёрдамга бўлган талаб ҳам ошиб бориши табиий. Бу каби муаммоларни ҳал қилишда адлия органлари томонидан бепул бирламчи юридик ёрдам берилиши назарда тутилмоқда. Ана шу мақсадда “Мадад” ННТнинг ҳар бир туман (шаҳар)да ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Аҳолига қулай бўлиши учун бу каби бюролар давлат хизматлари марказларида ташкил этилади.
Биламизки, суд-тергов органларига аҳоли томонидан бериладиган шикоят, таклифлар миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу бир томондан демографиянинг таъсири бўлса, иккинчи томондан аҳолида ҳуқуқий онг шаклланиб бораётганлигини англатади. Бу каби масалаларда аҳоли учун процессуал ҳужжат намуналарини тайёрлашда адлия органлари кўмак бериши лозим.
Эндиликда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларида “Маҳалла ҳуқуқшуноси” лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳада маҳалла раисларининг ҳуқуқий билимлари оширилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, адлия органлари ва муассасалари юқорида назарда тутилган қўшимча вазифаларни юксак даражада самарали бажара олади, бунинг учун барча имоконият мавжуд.
Сарбон УРАЛОВ,
юридик фанлар бўйича
фалсафа доктори (PhD)