Наманган шаҳридаги консалтинг фирмаларидан бирининг раҳбари маҳаллий фуқарони танишлари орқали Жанубий Кореяга ишга юборишга ишонтирган. Ушбу хизмати эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 1,5 минг долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, шаҳарда фаолият юритувчи бошқа бир консалтинг фирмасининг иш юритувчиси ҳам шунга ўхшаш жиноят устида қўлга тушди. У Тўрақўрғон туманида истиқомат қилувчи фуқарони Латвия давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, 2 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тўхтатилган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасадди идоралар фуқаролардан хорижга ишга юбориш билан боғлиқ шубҳали таклифларга алданиб қолмасликни сўрайди. Чет элда меҳнат қилиш истагида бўлганлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ёки тегишли лицензияга эга хусусий бандлик агентликларига мурожаат қилишлари тавсия этилади.