Давлатимиз раҳбари жорий йил 28 апрель куни “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарордан кўзланган асосий мақсад бу борадаги ишларни нафақат янги босқичга кўтариш, балки “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг ҳам бандлигини таъминлаш бўйича янги таъсирчан механизмларни жорий этишдан иборат.

– Бу ҳужжат жуда катта сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятга эга, – дейди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умурзоқов. –  Қарор мазкур тизимни тубдан ўзгартириш ва назорат қилиш механизмларини яхшилашга қаратилган. Унда барча чора-тадбирларнинг аниқ муддати ва манбалари кўрсатиб ўтилган. Ҳар бир манба ва масъулнинг вазифалари батафсил белгиланган.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 18 миллион нафардан зиёд. Шундан 648 минг нафари ишсиз, “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 283 минг ёшнинг бандлиги таъминланган.

Қарор билан тасдиқланган давлат дастурида 2021 йилда 457 минг 400 та доимий янги иш ўрни яратиш назарда тутилган. Жумладан, биргина Тошкент шаҳрида 60 мингга яқин янги иш ўрни очилади. Ҳужжатда айнан доимий иш ўринлари ҳақида сўз бормоқда. Чунки айрим жойларда иш жойлари яратилиб, бир-икки ойдан кейин ёпилиб кетиши кузатиляпти. Энди бундай ҳолатларга йўл қўйилмайди. Янги очилаётган иш жойларини ёпиш учун жавобгарлик ва масъулият белгиланмоқда. Қарорнинг аҳамияти ҳам шунда.

Қарорга кўра, тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига 41,5 мингта, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 206,1 мингта, янги кичик корхоналарни ташкил этиш ҳамда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳисобига 209,5 мингта  янги иш ўрни ташкил этилади.

– Бу рақамлар вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳудудий бошқармалари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилиши назарда тутилган инвестиция лойиҳалари асосида шакллантирилган, – дейди  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бош мутахассиси Шаҳноза Рустамова. –  Яъни улар кўрсатилган миқдордаги ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлаш масъулиятини олишган.

Қарорда фуқароларни бўш ва захира иш ўринларига ишга жойлаштириш, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ва хорижий тилларга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиш ва тадбиркорликни бошлаш учун субсидия ва кредитлар бериш каби жиҳатлар ҳам ўз ифодасини топган.

Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳам 2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш тўғрисидаги ҳудудий дастурларни қабул қилади. Давлат дастурини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан тегишли йўналишлар бўйича вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари масъул этиб белгиланади.

2021 йилда 1 июлга қадар янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича ҳисоботларни юритиш, уларни реал вақт режимида Давлат солиқ қўмитасининг ягона интеграциялашган ахборот ресурс базаси орқали мониторинг қилишга мўлажалланган электрон дастур ишлаб чиқилади. Шунингдек, вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича янги тизим яратилади.

– Бир марталик иш билан таъминлаш бюролари кунлик меҳнат марказлари сифатида қайта ташкил этилади, – дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов. – Марказларнинг асосий вазифаси иш изловчиларни, доимий яшаш жойидан қатъи назар, рўйхатга олиш, маълумотлар базасини юритиш, иш берувчилардан фуқароларни вақтинча ишларга ёллаш бўйича буюритмалар олиш, иш изловчиларни бўш иш ўринлари билан таништириш ва вақтинчалик ишлар билан шуғулланувчи шахсларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш ва бошқалардан иборат бўлади. Шу билан бирга, “Барча учун иш” тамойили асосида 2021 йил 1 ноябрга қадар “Менинг ишим” буюртмалар биржаси онлайн майдони ишга туширилади.