Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда депутатлар  “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Маълумки, юртимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, жумладан, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 2016 йилга қадар 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилган бўлса, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимиз фармони билан 16 мингдан ортиқ юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди.

Ушбу йўналишдаги қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, бу борадаги амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиляпти. Унга кўра, ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларни тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, деб тан олиш белгиланмоқда. Шунингдек, ота-онасидан бири мамлакат фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола хоҳласа Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Депутатлар мамлакатимизда амалга жорий этилган фуқаролик масалаларига оид янги тизим янгиланаётган Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада ошириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлидаги муҳим ислоҳотлардан яна бири эканини таъкидлаб, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилдилар.