Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича USAID дастури, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тадбир ташкилотчилари бўлди.
Қайд этилдики, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқий давлатчиликни барпо этиш, қонун ижодкорлиги жараёнларида аҳолимизнинг, қолаверса, жамоат ташкилотларининг роли сезиларли даражада ортди. Буни куни кеча муҳокамаси якунланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси давомида ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиздан 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Бу, фуқароларга ўз хоҳиш иродаларини эмин-эркин билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилаётгани намунасидир.
Тадбирда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсирини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва бу борадаги муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичида, шу жумладан Вазирлар Маҳкамасига киритиш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1 000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш вазифалари киритилган эди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган 9 000 мингдан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ННТлар мисолида таҳлил қилинганда, биргина Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва унга аъзо ННТлар томонидан юқори турувчи ташкилотларга фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилувчи қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 400 дан ортиқ таклифлар киритилган. Ассоциация томонидан жойларда қонун ижодкорлиги фаолиятида давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларини ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини кўрсатиш ҳамда фуқаролик жамияти институтларини қонун лойиҳасини тайёрлаш босқичида қонун ижодкорлиги фаолиятига жалб қилишга қаратилган ташаббусларини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Мазкур жараёнларга республикадаги етакчи ННТлар, давлат ташкилотлари вакиллари ҳам жалб этилмоқда.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлат барпо этишдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бу борада давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда иштирок этиш шакллари, усуллари ва механизмларини тартибга солувчи мавжуд қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.