Лойиҳанинг мақсади — Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари (ЁСТЗ)ни ташкил этиш ташаббусини илгари суриш ва ёшларнинг ўз бизнес лойиҳаларини амалга оширишга жалб этишдан иборат.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ ҳаётга татбиқ этилмоқда ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини юксалтириш, ишлаб чиқариш жараёнларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш ҳамда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва янги иш ўринлари яратиш орқали улар бандлигини оширишга қаратилган.
Лойиҳа 18 дан 30 ёшгача бўлган, ўз бизнеси ҳақида ғояга эга, аммо уни бошлаш учун тажриба ва бошланғич капиталга эга бўлмаган йигит-қизларга мўлжалланган. ЁСТЗлар йигит-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун майдон бўлишга мўлжалланган. Уларнинг ҳудудида зарур инфратузилма таъминланади ва ёшларнинг ўз лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда инновацион ғоялар асосида ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйишлари учун барча шарт-шароит яратилади.
Мамлакатимизда жами 219 та ЁСТЗ яратилади. Уларнинг умумий майдони 805,6 гектарни ташкил этади. Шу билан бирга, ҳозирда 185 та шундай зона яратилиб, уларнинг ҳудудида дастлабки лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун 100 миллион доллар ажратилди.
“Fursat” лойиҳасига қандай аъзо бўлиш мумкин?
Агар сизда ўз бизнесингизни бошлаш учун ғоя ёки тайёр бизнес-режа мавжуд бўлса, www.fursatloyiha.uz веб-сайти ёки @fursatloyiha_bot телеграм-боти орқали ариза юборинг. Аризангиз ўрганилиб, тасдиқланганидан сўнг, етти йил муддатга 100 минг долларгача имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўласиз. Бундан ташқари, сизга вилоятингиздаги ЁСТЗ ҳудудида ишлаб чиқариш учун 1000 квадрат метргача ер ажратилиши мумкин.
Агар сизда бизнес-режа бўлмаса, “Лойиҳалар фабрикаси” бизнес-инкубаторларининг тажрибали мутахассислари уни ишлаб чиқиш учун сизга барча зарур ёрдамни кўрсатади.
Маълумот учун телефон: +99871 238 52 21.
“Fursat” лойиҳасининг иштирокчиси бўл! Имкониятни қўлдан бой берма!