Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, галдаги мавсумда республика бўйича 9 минг 426 та маҳалладаги инфратузилманинг яхшиланиши учун жами 49 минг 464 та таклиф келиб тушган ҳамда улардан 33 минг 631 таси овозга қўйилган. Ушбу таклифлар учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Лекин бу миқдор ҳам охирги чегара эмас. Ғолиб лойиҳалар сони янада ошиши мумкин.
Зеро, давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 апрелдаги “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 1 минг 309 та лойиҳа ҳам молиялаштириладиган бўлди. Шундай қилиб, биринчи мавсум учун 2 минг 997 та ғолиб лойиҳага бюджет ҳисобидан жами 2,8 триллион сўм йўналтирилиши белгиланди.
Ҳозирги пайтда ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш режалари билан бирга, “Очиқ бюджет” лойиҳасининг “Ташаббусли бюджет”, “Менинг йўлим” йўналишлари орқали фуқаролар илгари сурган таклифлар ва уларга овоз бериш натижалари асосида кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этиб келинмоқда.
Бу йил маҳаллаларга ажратилаётган маблағ кўлами 25 триллион сўмга етказилиши, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида бюджетдан ўтган йилдагига қараганда 3,5 баробар кўп, жами 8 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Шундан 2 триллион сўм “Ташаббусли бюджет” жараёни учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган, 320 миллиард сўм “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларидан ажратилиши, 4 триллион сўм жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун мўлжалланган.
Одамларни қийнаб келаётган муаммоларни кўпроқ ҳал этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида йўналтириладиган бўлди. Бунгача бундай талаб фақат туман-шаҳарлар бюджетига тааллуқли эди. Энди маҳаллий бюджетлар томонидан ажратилган қўшимча пул ҳисобига 1,7 триллион сўм Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига ўтказилади.
Ҳар бири 20 кунни қамраб олган амалдаги “Ташаббусли бюджет” талабига кўра, унинг дастлабки босқичида фуқаролар ўз таклифларини илгари суришди, иккинчисида мазкур таклифлар модерациядан ўтказилди, яъни сараланди. Учинчисида сараланган таклифлар овоз беришга қўйилди. Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб топилади ва улар берилган овозлар сонидан келиб чиқиб юқоридан пастга қараб саралаб олинади ҳамда лойиҳага мўлжалланган маблағдан келиб чиққан ҳолда молиялаштирилади.
Бу жараёнлар 2019 йилдан буён Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг “Очиқ бюджет” порталидаги “Ташаббусли бюджет” бўлими орқали амалга ошириб келиняпти. Ушбу электрон тизим ёрдамида фуқаролар маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўллар қуриш, боғча, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш каби масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, овоз бериш йўли билан маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари учун имконият яратилган.
Ҳаётнинг ўзи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтиришни кун тартибига қўймоқда. Чунки бу тизим орқали ҳозирги пайтда аҳолининг энг долзарб муаммоларини ўрганишга ёрдам берадиган “Очиқ маълумотлар базаси” шаклланяпти. Бу жойларда мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишда амалий “йўл харитаси” вазифасини ўташи мумкин.
Президентимизнинг ўтган йил 24 октябрдаги “Жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йилдан бошлаб “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланиши назарда тутилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Жалол Арашовнинг қайд этишича, овоз бериш жараёни ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида ўтказилади. Таклиф этилаётган тадбирлар ҳар бир маҳалла бўйича битта лойиҳа пакети шаклида овозга қўйилади. 1 ноябрга қадар давлат бюджетининг тасдиқланган кўрсаткичлари асосида, ҳудудлар бўйича йўналтириладиган капитал қўйилмалар туман ва шаҳарлардаги аҳоли, маҳаллалар сонига нисбатан тенг улушларда, лекин 8 миллиард сўмдан кам бўлмаган ҳолда ажратилади.
Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёнлари учта босқичда ташкил этилади:
1-босқичда—порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.
“Менинг йўлим” лойиҳаси ҳам ишга туширилган. Ўтган йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджети параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган йўлларнинг таъмирланишига йўналтирилади. Бу жараён ҳар йили бир маротаба ўтказилади.
“Ташаббусли бюджет” орқали ғолиб топилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни билан бевосита танишиб бориш ва кузатилаётган камчилик ёки муаммоли ҳолатлар юзасидан портал орқали хабар қолдириш мақсадида “Жамоатчилик назорати” бўлими ташкил этилди. Натижада фуқаролар ишларнинг сифатсиз ёки талаб даражасида эмаслиги юзасидан тўғридан-тўғри портал орқали хабар беришлари мумкин. Бу эса маблағлардан самарали фойдаланиш ва турли қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этади.
Шу ўринда бир жиҳатга эътибор қаратсак. Кўп ҳолларда ўқитувчи ва бошқа касб эгаларининг овоз йиғишга мажбурланиши ҳам кузатиларди. Ҳатто айрим ҳудудларда ҳар бир ўқитувчи ёки ҳамширага муайян миқдорда овоз йиғиш мажбурияти юклатилишигача борилди. Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори билан эса бу каби ҳолатларга чек қўйилди. Мазкур жараёнда бюджет ташкилотлари раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ бериши тақиқланади. Овоз йиғишга мажбурлаш тегишли ташкилот ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
Бундан ташқари, турли рағбат эвазига овоз сотиб олинаётган ҳоатларга ҳам дуч келиняпти. Яна бир жиҳати, “Ташаббусли бюджет”га овоз бериш СМСга боғлангани учун бир киши бир нечта сим карта сотиб олиб овоз бериши мумкин. Бу эса “бир киши – бир овоз” тамойилига зид келади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу каби муаммоларни ҳал қилишга астойдил ҳаракат қиляпти. Турли таклифлар ҳар томонлама ўрганиб чиқиляпти. Улар орасида берилган овозларни IMEI орқали идентификация қилиш, телефон рақамларга ЖШИРни интеграциялаш ва жараён якунлангач, нофаол сим карталарни аниқлаш, овоз бериш муддатини икки баробар қисқартириш кабилар бор.
Бундай масалалар жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилиняпти. Яқинда ўтказилган учрашувда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров “Ташаббусли бюджет”ни ижро этиш жараёнида камчилик ва муаммолар кузатилаётганини қайд этар экан, бу жамоатчилик бюджети, аҳолининг жуда катта қисми унга диққатини қаратаётгани сабабли учраётган муаммоларни ҳам бирга ҳал қилиш лозимлигини таъкидлади.
Жорий йил учун тасдиқланган давлат дастурида “Ташаббусли бюджет” жараёнларини холис овоз бериш, маъмурий аралашувларсиз ташкил этиш вазирлик зиммасига юкланган. Изланган имкон топади. Давр ва замонавий технологиялар шиддат билан ўзгараётгани каби бу жараёнларни такомиллаштиришнинг ҳам мақбул механизмлари топилади. Энг муҳими, аҳолининг мазкур лойиҳага, унинг шаффофлиги ва самарасига ишончи катта. Бунга айни кезда давом этаётган овоз бериш жараёнида яна бир карра шоҳид бўляпмиз.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
шарҳловчи