Матбуот анжуманида Бухоро вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Фарҳод Латипов, унинг ўринбосарлари, бошқарманинг барча бўлим бошлиқлари, қатор соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Ҳозирда вилоятда жами 1 290 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, шундан 439 таси давлат, 851 таси нодавлат (26 таси хусусий, 756 оилавий ва 69 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида) мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.
Вилоят бўйича 3-7 ёшгача бўлган болалар сони 148 514 нафар, шундан 73 041 нафари ёки 49,2 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич қамровнинг 2017 йилга нисбатан қарийб 19,4 фоизга ошганлигини кўрсатади. Жорий йил якунига қадар эса, вилоятда мактабгача таълим ёшидаги болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 49,2 фоиздан 61 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бухоронинг чекка ҳудудларида яъни Қоракўл туманининг олис ҳудудларида эса «Ақлвой» дастури доирасида ISUZU автобусида мобил гуруҳ ташкил этилган бўлиб, унда 144 нафар болалар қамраб олинган.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш тўғрисида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ҳудуддаги 6 ёшли жами 8 040 нафар болалар 268 та мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган.
Анжуманда бошқарма бошлиғининг алоҳида қайд этишича, соҳада давлат-хусусий шерикчилик тизимини янада такомиллаштириш учун тизимда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятда нодавлат мактабгача таълим ташкилотини тузиш истагини билдирган жами 162 та ташаббускорлар томонидан аризалар топширилган бўлса, бугунги кунда уларнинг 103 нафари билан лойиҳа битими имзоланган.
Шунингдек, 80 та битим лойиҳа ташаббускорларига жами 147,7 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилган бўлиб, шундан жами 69 та (6 929 ўрин) давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини бошлаб, 3097 нафар болаларни қамраб олган.
Вазирлар Маҳкамасининг оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва уларга рухсат бериш тўғрисидаги қарорига асосан, бугунги кунда вилоятда 756 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини юритмоқда, уларга жами 11 292 нафар мактабгача ёшдаги болалар тарбияланмоқда.
Анжуманда қайд этилишича, 2020 йилда вилоятда жами Инвестиция дастури доирасида 24 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Унга жами 94,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2019 йилда «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», «Обод марказ» дастурлари орқали вилоятда жами 34 та мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятдаги 439 та давлат мактабгача таълим ташкилотида бугунги кунга келиб жами 2622 та гуруҳлар мавжуд.
Мавжуд гуруҳларда «Илк ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари» асосида тузилган ”Илк қадам” ва «Илм йўли» давлат ўқув дастурларини амалиётга татбиқ этиш борасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилоти ходимларини малакасини ошириш учун «Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти» мавзусида ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.
«Илк қадам» ва «Илм йўли» давлат ўқув дастурлари ва илк ва мактабгача ёшдаги болаларни таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун 7 220 та тарқатма материаллар тарқатилган бўлса, улардан жами 6 580 дона 6-7 ёшли болаларга пандемия даврида ҳар бир тарбиячи томонидан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда тарқатилди.
Матбуот анжуманида таъкидланишича, 2020 йилда 202 та мактабгача таълим ташкилотлари аттестациядан ва давлат аккредитациядан ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, улардан 2020 йилнинг 1 январидан 16 мартгача 113 та ташкилоти аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилган бўлса, қолган 89 та ташкилоти пандемия туфайли 2021 йилда аккредитацияланади.
Ёш авлодни она ватанга ҳурмат руҳида тарбиялашда, уларни ватанпарварлик руҳида вояга етишлари учун мактабгача таълим ташкилотларида «ватанпарварлик» бурчаклари ташкил этилиб, ҳар ҳафтанинг жума куни ватанпарварлик ойлиги деб эълон қилинди.
Шунингдек, вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида давлат тилида иш юритиш мавзуларида ўқув-семинарлар ташкил этилди.
Матбуот анжумани якуни қизғин савол-жавобларга бой бўлиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан тўлиқ жавоблар олишди.
Бухоро вилояти мактабгача таълим
бошқармаси Ахборот хизмати