Ҳозирги кунгача «Газли» газни қайта ишлаш заводида фақатгина Амин ёрдамида газни олтингугуртдан тозалаш қурилмалари орқали тозаланган газлар тўғридан-тўғри «Ўзтрансгаз» АЖнинг магистраль газ қувурларига узатилиб келинар эди. Бугунги кунга келиб, заводда Газни цеолит ёрдамида қуритиш ва табиий газ таркибидан пропан-бутан аралашмаларини олиш қурилмалари ҳам барпо этилди.

Куни кеча мазкур заводдаги Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасининг 2-босқичи муваффақиятли ишга қўшилиб, суюлтирилган газ маҳсулоти ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Қурилмаларнинг 2-босқичини амалга оширишда Украинанинг «Сумское НПО» заводида ишлаб чиқарилган адсорбер ва иситиш печи, «Турбогаз» заводидан турбодетандер, Россиянинг «Гидромашсервис» заводининг насос ва агрегатлари, «АЗСТРАСТСТРОЙ» заводининг суюлтирилган газни қуйиш ускуналари, «Промресурс» компаниясининг поршенли компрессор агрегати, Германиянинг «Linde AG» компаниясининг иссиқлик алмашинувчи ускунаси, АҚШ ва Чехиянинг «Izzy Group Inc», «Global Industrial Solution ss.r.o.» компанияларидан назорат ўлчов ускуналари, автоматика ҳамда тизим дастурий таъминоти олиб келинди.

Қурилиш монтаж ва синов ишлари «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг малакали мутахассисларининг қатъий назорати остида Бош пудратчи – «Муборакнефтгазмонтаж» АЖ томонидан амалга оширилди.

Янги барпо этилган Газни цеолит ёрдамида қуритиш қурилмаси ҳамда Пропан-бутан аралашмаларини олиш қурилмалари замон талабларига мос равишда рақамлаштирилди. Ушбу қурилмаларни ҳам қўлда, ҳам автоматик бошқариш имкониятлари яратилди.

«Газли» газни қайта ишлаш заводида ушбу қурилмаларнинг ишга туширилиши «Ўзтрансгаз» АЖ ва истеъмолчиларга газ қувурлари орқали берилаётган газларни тоза ва сифатли бўлишини таъминлайди. Бундан ташқари, Пропан-бутан аралашмаси олиш қурилмасини ишга туширилиши натижасида республика аҳолисига қўшимча йиллик 80 минг тонна суюлтирилган газ етказиб беришга эришилади.

Маълумот учун: «Газли» газни қайта ишлаш заводи Учқир мажмуаси, Бухоро вилояти, Ромитон тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1980 йилда ишга туширилган. Пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаси йилига 4,5 миллиард куб/метр газни қайта ишлаб, 80,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна газ конденсати ишлаб чиқаришга мўлжалланган, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.