Божхона қўмитасининг “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси Контрабандага қарши курашиш шуъбаси ва “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг трансчегаравий ноқонуний айланувига қарши навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.

Германиядан халқаро курьерлик жўнатмаси орқали юборилган бокс қопи ва қўлқопини кўздан кечириш давомида божхона ходимлари ушбу товарларнинг ичига моҳирлик билан 4 кг. оғирликдаги наркотик моддалар яширилганини фош қилишди.

Шундан сўнг жорий йилнинг 3-сентябрь куни пойтахтнинг Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу жўнатмани қабул қилиб олаётган 25 ёшли Чернагория фуқароси қўлга олинди.

Марказий божхона лабораториясида олиб борилган экспертиза натижаларига кўра жўнатмадади наркотик моддалар 3 кг. “клефедрон” синтетик наркотик моддаси ва 1 кг. “гашиш” эканлиги маълум бўлди.

Аниқланишча, ушбу шахс “Сигнал” мессенджирида “Майк” аккаунти остидаги шахснинг топшириқлари асосида муқаддам Қозоғистон ва Грузияда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланиб келган.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаронинг вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам кейинчалик тарқатиш учун 30 гр оғирликдаги “Α-ПВП” синтетик гиёҳванд моддаси жойланган 11 дона тайёр ўрамлар, зип-пакетлар ва электрон тарози борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинди.

Фақатгина шу эмас! Тезкор тадбир давомида мазкур фуқаронинг акасининг номига ҳам худди шундай почта жўнатмаси келаётгани маълум бўлди.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 2026йил 8 сентябрь куни Германиядан юборилган иккинчи почта жўнатмасида ҳам 4 кг оғирликдаги “Гашиш” ва “Клефедрон” гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланиб, тўхтатиб қолинди.

Шундай қилиб олиб борилган кўп босқичли тезкор тадбир давомида 6 кг. “клефедрон” ва 2 кг. “гашиш” – жами 8 кг. гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

Ушбу ҳолатда 8 килграмм наркотик — ўртача 45 мингта дозани англатади ва дастлабки таҳлилларга кўра қора бозордаги нархи истеъмолчига етиб боргунига қадар 780 минг АҚШ долларини ташкил этади.

45 мингта доза – геометрик ўсиш тарзида бугун бир ёш инсонни, эртага унинг дўстини, кейин эса яна бошқаларни ўз домига тортиб кетиши муқаррар эди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.