“Ҳеч шубҳа йўқки, атмосфера, океан ва қуруқлик инсон фаолияти туфайли исиб кетди”, — дейилади иқлимнинг муҳим ҳисоботида.
Зарарли ташланмалар кескин камайтирилмаса, дунё Париж битимининг мақсадига эриша олмайди, бу эса аср ўрталарига келиб саноатнинг олдинги даражаларига нисбатан ўртача ҳароратнинг 1,5 ° C атрофида ўсишига олиб келади.
Ва кейинги чегара — ҳароратнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган 2 ° C гача кўтарилиши бўлади. Агар кейинги йигирма йил ичида биз осмонни тутунга тўлдириш, ўрмонларни ҳозирги суръатда кесишни давом эттирсак, асрнинг охирига келиб айни шу ҳол юз беради.
Олимларнинг позицияси анчадан бери маълум, огоҳлантиришлар ва ҳисоботлар жуда изчиллик билан юзага келмоқда. Бироқ, бу алоҳида мавзу. Ҳозирги хулосалар фақатгина охирги ўн йил ичида икки юз олим томонидан ёзилган 14 минг илмий мақола натижаси эмас.
Aсосийси, дунёнинг деярли барча мамлакатлари бу борада ўз хулосаларига эга. Ҳисоботда ёзилганлар энди нафақат илмий жамоатчилик, балки бутун дунё ҳамжамиятининг ҳам фикридир.
ВВС маълумотига кўра, ҳозир ҳисоботни маъқуллаган 195 мамлакат расмийларининг чиқиндиларни камайтиришни кечиктиришга асоси йўқ. Уларга ноябр ойи бошида коронавирус туфайли бир йилга қолдирилган, Шотландияда ўтказилиши кўзда тутилаётган жаҳон иқлим саммитида ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни олиш имконияти туғилади.
Душанба куни 2007 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган IPCC ташкилотининг ҳисоботи эълон қилинди. IPCC — 1990 йилдан бери олтита глобал иқлим тадқиқотини ўтказган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича мутахассислари гуруҳидир. Ҳозирги — олтинчи тадқиқот 8 йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрланган.
Унинг хулосаларига 195 давлат имзо чекди. Бу эса IPCC ҳисоботини жаҳон ҳамжамиятининг асосий иқлимий ҳужжати ва глобал исишга қарши курашиш бўйича халқаро мунозараларнинг бошланиш нуқтасига айлантирди.
3949 саҳифали ҳисоботда келтирилишича:
— Охирги ўн йил сўнгги 125 минг йил ичида энг иссиқ йил бўлди.
— Aтмосферага чиқарилган иссиқхона газлари 19 асрга нисбатан ўртача ҳароратни 1,5 ° C га кўтариш учун етарли, лекин ҳозиргача у 1,1 ° C га ошди.
— Олимлар қуёш ва вулқонлар каби табиий манбаларнинг ҳозирги таъсирини нолга яқин деб баҳолайди.
— Aгар дунё чиқиндиларни зудлик билан ва кескин камайтирса ҳам, баъзи жараёнлар келгуси асрлар учун қайтарилмасдир. Биринчи навбатда бу ҳарорат ва океан сатҳига, шунингдек муз қоплами майдонига тегишли.
— Олдинги ҳисобот 2013 йилда эълон қилинганидан бери, олимлар иқлим ўзгариши, иссиқ тўлқинлар, бўронлар ва сув тошқинлари каби об-ҳаво ҳодисалари ўртасидаги боғлиқликни аниқлашни ўрганди.
— Глобал исишнинг давом этиши қурғоқчилик ва сув тошқини, совуқ ва иссиқ ўртасидаги янада жиддий “бурилиш” билан кечади.