Тегишли вазирликлар, бизнес бирлашмалари вакиллари, тадбиркорлар, иқтисодчилар, ҳунармандлар, хорижлик меҳмонлар, ёшлар иштирок этган “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги”нинг биринчи кунида қишлоқ хўжалиги муаммолари муҳокама қилинди.
Давлатнинг иқтисодий барқарорлиги тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг эркинлигига ҳам боғлиқ. Ҳар бир мамлакат учун агроиқтисод ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг фойдали ва шу билан бирга, хавфсиз бўлиши муҳим саналади.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев назарияни амалиётга яқинлаштириш зарурати, фермер хўжаликларига кичик бригадаларни бириктириб, маслаҳат бериш механизмини йўлга қўйиш лозимлиги хусусида сўз юритди. Ердан унумли фойдаланиб, иссиқхоналарда маҳсулотларни тизимли етиштириш орқали ҳосилни бир неча баробарга ошириш технологияларига ҳам тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ҳафталик доирасида семинар-тренинглар ташкил этилди. Семинарда ТЕАМ ва Вебстер университети талаба-ёшлари қатнашди. Уларга ҳиндистонлик мутахассис, доктор Чатурведи Санжеев қишлоқ хўжалиги муаммолари ҳақида Гужарод мисолида маъруза қилди. Ўзбек-ҳинд тадбиркорликни ривожлантириш маркази маслаҳатчиси агросаноатда ҳосилни музлатиш тизими ҳақида ҳам фикр билдирди.
Ёшлар ишлари агентлиги
ахборот ва медиа хизмати