«Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларининг ижроси: муаммо ва тажриба» мавзусидаги тадбирда ташкилотчилар, ННТ ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси раиси Васила Алимова очиб берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг бош мутахассиси Умида Холбекова иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги «2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 мартдаги «Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5012-сонли Қарорида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумот берди.
Тадбир давомида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун эълон қилган давлат гранти танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, танлов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги муносабати билан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган.
Тадбир якунида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори Ҳаётхон Қўчқорова Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси ва Жамоат фонди томонидан 2021 йилга мўлжалланган «Йўл харитаси»да белгиланган вазифаларини ижроси тўғрисида маълумот бериб ўтди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.