«Анадолу» АА маълумотига кўра, учрашув Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг (АФАД) Анқарадаги бош қароргоҳида бўлиб ўтган.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, зилзила оқибатида жабрланганларнинг 13 минг 208 нафари айни пайтда мамлакат шифохоналарида даволанмоқда.
Туркия раҳбарининг таъкидлашича, бутун дунё мутахассислари мамлакатда содир бўлган кучли зилзилани «алоҳида табиий ҳодиса» сифатида баҳолашмоқда.
Президент Эрдоған зилзила ҳудудида қидирув-қутқарув ишларига 250 мингга яқин давлат хизматчиси жалб қилинганини билдирди.
Зилзиладан зарар кўрган ҳудудларда қидирув-қутқарув ишлари вайроналар остида қолган барча тирик одамларни олиб чиққунгача давом этишини таъкидлади.
Ҳозирга қадар зилзиладан жабр кўрган 1,6 миллион кишининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи қондирилди, деди Президент.
«Зилзила содир бўлган ҳудудда 175 мингдан ортиқ чодир ва 5 минг 400 та контейнер типидаги уйлар ўрнатилди», деди у.
Давлат раҳбари Туркия ҳукумати келгуси ойда зилзила оқибатида ўз бошпанасидан айрилганлар учун 30 мингта уй қуришни бошлашини билдирди.
Унинг айтишича, Туркия ҳукумати бутун зилзила ҳудудида уй-жойга бўлган эҳтиёжни қондириш учун бир йил ичида сифатли ва хавфсиз бинолар қуришни якунлаш ниятида.