Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Колумбия университетининг Ижтимоий иш мактаби (АҚШ) таъсисчилигида Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш маркази ташкил этиляпти.

Марказнинг асосий вазифалари:

- ижтимоий ҳимоя ва аҳолининг руҳий саломатлиги соҳасидаги муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда ҳал қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш;

- ижтимоий иш соҳасида халқаро стандартлар талабларига мос келувчи академик тизимни жорий этиш ва мустаҳкамлаш;

- ижтимоий ҳимоя муаммоларини ҳал этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш.

Марказ фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Колумбия университетида тегишли бўлим ташкил этилади.

Бундан ташқари, «Aqlvoy» телеканалига Агентликнинг буюртмасига асосан эфир вақтининг 7 фоиз қисмига ижтимоий роликларни бепул жойлаштириш вазифаси юклатиляпти.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2024 йил 25 июндан кучга кирди, деб хабар беради «Norma» портали.