Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Республика Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган III Беларусь–Ўзбекистон бизнес-форуми доирасида келишилган ушбу ҳужжат икки мамлакат медиа соҳа вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

— Ушбу меморандумда ўзбекистонлик журналистларнинг Беларусга, беларуслик журналистларнинг Ўзбекистонга ташрифларини амалга ошириш, соҳа бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш ва ривожлантириш кўзда тутилган, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. — Шунингдек, ҳамкорлик доирасида қўшма малака ошириш тадбирлари — оммавий ахборот воситалари вакиллари учун конференциялар, медиафорумлар, пресс-турлар ташкил этиш белгиланган. Журналистларни аккредитациядан ўтказиш, журналистик фаолият учун рухсатномалар олиш масалаларида томонларнинг бир-бирига ёрдам бериши ҳам ўз ифодасини топган. Ўйлайманки, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Беларусь журналистикаси ривожига, ўзаро дўстлик алоқалари ҳамда ришталари янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Тадбир якунида Беларусь Журналистлар уюшмаси раиси Андрей Кривошеевга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг совғаси топширилди.

ЎзЖУ Ахборот хизмати.