«Hanshin Engineering & Construction Co Ltd.» компанияси Қўқон шаҳрида Корея сифати ва технологияси асосида 5 000 хонадонли К-Town турар-жой мажмуасини барпо этилиши режалаштирилган. Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти вакиллари Кореянинг маъмурий пойтахти Сежонгда ушбу компания томонидан барпо этилган объектларни кўздан кечириб, компаниянинг салоҳияти ҳамда қуриб битказган объектларининг сифатини ўрганди.

Hanshin компанияси томонидан Сежонг ҳудудида жами 12,5 мингта хонадондан иборат 13 та турар-жой мажмуаси лойиҳаси амалга оширилиб, улардан 11 таси фойдаланишга топширилган.

Ҳар бир мажмуада 20 қаватдан 50 қаватгача бўлган кўп қаватли уйлар энг илғор қурилиш стандартлари асосида, «яшил макон» тамойиллари ва аҳоли эҳтиёжлари тўла инобатга олинган ҳолда қуриб битказилган.

Мажмуаларни лойиҳалашда уларнинг ҳар биридан болалар майдончалари, спорт майдончалари, сайр йўлакчалари, дам олиш ҳудудлари, яшил майдонлар, велосипедлар сақлаш жойлари, ерости автотураргоҳлар, замонавий чиқинди қутилари ўрин олгани, янги қуриб битказилган мажмуалар ҳудудига кўп йиллик дарахтлар олиб келиб ўтқазилгани эътибор тортди.

Яшаш учун тайёр ҳолатда уй эгаларига тақдим этилган хонадонлар 59, 84 ҳамда 115 квадрат метр майдондан иборат бўлиб, ҳар бирида турмуш учун керакли энг кичик жиҳатлар ҳам ҳисоб қилинган. Энг кичик хонадонда ҳам ётоқхона, меҳмонхона, болалар хонаси, иккита санузел, кирхона, гардероб хоналари, ошхона, кичик балкон ўрин олган.

Hanshin компанияси раҳбари Чой Мун Кю вилоят ҳокимига Қўқонда амалга ошириш режалаштирилаётган лойиҳада нафақат Сежонгдаги мажмуаларга татбиқ этилган ҳар бир стандарт ўрин олишини, балки яшовчилар учун янада кўпроқ қулайликларни кўзда тутилишини маълум қилишди.

Эртага Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда «Hanshin Engineering & Construction Co Ltd.» компанияси ўртасида Қўқон шаҳрида барпо этиладиган турар-жой мажмуаси бўйича инвестицион ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.