Ҳар бир халқнинг тарихи, маънавий қадриятлари ва қиёфаси, аввало, она тилида акс этади. Шу боис, она тилимизни ёш авлодга беталафот етказиш халқимиз келажагини асраш йўлидаги муҳим қадамдир.

Мамлакатимизда ўзбек тилини давлат тили сифатида ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, айниқса, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг ташкил этилиши ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини ошириш борасидаги ишларни тизимли амалга ошириш имкониятини янада кенгайтирди.

Мазкур департамент, Халқ таълими вазирлиги ва Республика таълим маркази ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ўзбек тили ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танлови эълон қилиниши бу борада олиб борилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Пандемия шароитига қарамай, ўтган йили Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ҳамкорлигида ўтказилган “Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс” танловида мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларининг тўрт ярим мингдан ортиқ ўзбек тили ўқитувчиси фаол иштирок этди. Шу ўринда “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танловини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад нима, деган савол туғилиши табиий.

Бундан муддао умумтаълим мактабларидаги ўзбек тили ўқитувчилари орасидан маҳоратли, ташаббускор педагогларни аниқлаш, уларни муносиб рағбатлантириш ҳамда ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўқитилиши бўйича замонавий ёндашувларини оммалаштиришдан иборатдир.

Танлов икки йўналишда — таълим ўзбек тилида ҳамда рус ва қардош тилларда олиб бориладиган ўқув муассасаларидаги ўқитувчилар орасидан ғолибларни аниқлашни кўзда тутади.

Мазкур танлов ғолиблари I даражали диплом, пул мукофоти, “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан мукофотланади. Сентябрь-октябрь ойларида танловнинг туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика босқичлари ўтказилади. 21 октябрь — Ўзбек тили байрами арафасида танловнинг республика босқичи ғолиблари тақдирланади.

Шу йилнинг 20 июлидан танловда қатнашиш истагидаги ўқитувчиларни рўйхатга олиш бошланган эди. Айни кунларда “Йилнинг энг яхши ўзбек тили ўқитувчиси” танловига рўйхатга олиш якунланди.

Ҳозирга қадар 24 минг 670 нафар ўқитувчи танловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтди. Бу эса ўзбек тили ўқитувчиларининг ўз касбий фаолиятини ривожлантиришга иштиёқи юқорилигидан далолат беради.

Қолаверса, педагоглар ўртасида бундай танловларнинг ўтказилиши уларнинг ўзаро тажриба алмашуви, ўз устида кўпроқ ишлаши ва изланиши учун соғлом рақобат муҳитини яратади. Соғлом рақобат эса таълимда ривожланиш ва сифат даражасини оширишга хизмат қилади.