Президентимизнинг топшириғига асосан, Молия вазирлиги ҳузурида сувдан фойдаланиш бўйича жамғарма ташкил этилди. Ушбу жамғармада маблағлар тўпланиб, мақсадли равишда ичимлик сув таъминотини яхшилашга сарфланяпти.
Бунинг натижасида 2017 йилда республикамизда аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминланиш даражаси 64 фоиз бўлган бўлса, охирги икки йил ичида 72 фоизга чиқди.
Ана шу даврда бюджет маблағларидан ташқари халқаро молия институтларининг 1,9 миллиард долларлик маблағлари ҳам тоза ичимлик сув таъминоти ва оқова тизимларини барпо этиш учун сарфланган.
Президентимиз раислигида 17 июль куни ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда Президентимиз бу борадаги ишларни кучайтириш бўйича ҳокимларга алоҳида топшириқ берди. Уларга қисқа муддатларда ўз ҳудудларида ихтисослашган қурилиш компанияларини ташкил этиш вазифаси топширилди. Бу қурилиш компаниялари келажакда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан бўладиган қурилиш тендерларида қатнашиб, қурилиш ишларини сифатли, арзон, халқаро андозалар даражасида ташкил этишга ўз улушини қўшиши лозим.
Бундан ташқари, «Ўзсувтаъминот» АЖ лойиҳаларни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ҳокимлар ва аҳоли билан маслаҳатлашиб шакллантиради.
Адиз БОБОЕВ,
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари