Мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида улуғланиб, бунёдкор халқимиз янги Ўзбекистон ҳавосидан нафас олган ҳолда келажакка улуғ мақсад ва юксак орзу-ниятлар билан шаҳдам одим ташламоқда. Бундай тарихий ўзгаришлар замирида юртимизда “инсон–жамият–давлат” тамойили асосидаги ислоҳотлар, эркин ва фаровон тараққиёт йўлидаги изчил тадбирлар, эл-юрт ташвишидаги машаққатли меҳнат ётибди.
Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳаси учун таклифларни йиғишдан бошлаб уни қабул қилгунга қадар ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимизнинг муносиб иштирок этгани чинакам халқчил ислоҳотларнинг юқори динамикасини кўрсатди. Янги таҳрирдаги Бош қонунимизни қўллаб-қувватлаш орқали ҳаёт маъносини, тинчлик ва инсон қадрини чуқур англайдиган элимиз демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқатини яна бир бор амалда тасдиқлади.
Бир ҳақиқатни очиқ тан олиш керак. Сўнгги йиллардаги шиддатли ислоҳотларга амалдаги конституция нормалари етарли эмасдек туюлганди. Яъни қисқа вақтда мамлакатнинг келгусида бундан-да тараққий этишига эришиш учун ҳуқуқий асослар зарур эди. Чунки Конституцияда келажак авлодларнинг ҳам ҳаққи бор. Таъбир жоиз бўлса, халқ иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизга илгари муайян даражада қийналган авлоднинг бугунги халоскори, ҳозирги халқимиз фаровон ҳаётининг ҳуқуқий таянчи ва келажак авлоднинг ҳам бахтли яшаши кафолати бўлган ҳужжат, дея таъриф берган бўлардим.
Зеро, 222 минг 715 та таклиф ортида қанчадан-қанча тақдирлар турибди. Ўтмишдаги аччиқ ҳақиқатларнинг келгусида ҳам такрорланмаслиги учун Конституциямиз тамал тоши бўлиб хизмат қилиши билан бирга ёруғ келажак сари илдам ҳаракат қилаётган янги Ўзбекистоннинг шиддатини оширишда ҳуқуқий таянч вазифасини ўтайди.
Референдум жараёни билан жойларда бевосита танишган 258 нафар халқаро эксперт ва кузатувчиларнинг аксарияти фуқаролар сиёсий фаоллигини яққол намоён этганини якдил таъкидлагани мамлакатимиздаги янгиланишларга берилган юқори баҳодир. Хусусан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссияси Бош котиби Чжан Минг “...Референдумда кекса-ю ёшнинг, биринчи марта иштирок этган йигит-қизларнинг юз-кўзида қувончни кўрдим.
Уларда юрт эртаси ва истиқболига ишонч бор. Чунки янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва бурчлари, билим олиш, меҳнат қилиш ҳамда бошқа ҳақ-ҳуқуқлари учун муҳим кафолатлар белгиланган. Бу эса халқингиз ўз келажагини ўз қўли билан ҳал этаётганини кўрсатади”, дея таъкидлади.
Шунингдек, юртимиздаги ислоҳотларга юқори баҳо берган Хитой ижтимоий фанлар академиясининг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё институти директори Сун Чжуанжи “...Ўзбекистон ўз кучи ва салоҳиятига таянган, жадал ривожланаётган давлатга айланмоқда. Мамлакатнинг янги таҳрирдаги Конституцияси ушбу мақсадлар амалга ошишининг кафолатидир”, деган.
Қисқа муддатда янги таҳрирдаги Конституциядан келиб чиққан ҳолда бир қатор қонун, қонуности ҳужжатлар ва концепцияларни қабул қилиш, мавжудларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга доир муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Жаҳонда рўй бераётган янгидан-янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган таҳликаларни инобатга олган ҳолда, ҳар бир ишда, қабул қилинаётган барча қонун ва қарорларда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаати асосий ўринда туриши шартлиги назарда тутилди.
Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат деб белгиланиши таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва жамиятдаги ижтимоий тенгсизликни юмшатиш, айниқса, ижтимоий ҳимояланмаган ёки эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш орқали уларга муносиб турмуш шароитини яратишга хизмат қилади. Бу борада келгусида ечимини кутаётган қатор масалалар мавжуд. Айни вақтда мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд оила ижтимоий кўмакка муҳтожлиги, аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборатлиги инобатга олинса, масаланинг моҳияти янада равшанлашади.
Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари уч баробар кўпайтирилган ҳолда давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30–40 триллион сўм ажратилиши, бунинг ҳисобидан ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қурилиши кишини, албатта, қувонтиради.
Хурсанд қиладиган яна бир жиҳат шуки, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солиш, бу орқали аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини 4 минг долларга етказиш келгуси тараққиёт учун қўйилган аниқ мақсадлардандир.
Бугун янги Ўзбекистон инсонпарвар ва халқчил бўлган ҳуқуқий давлат қуриш йўлида одимламоқда. Келгуси йилларда адолат принциплари асосида ҳуқуқий давлатни барпо этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ҳуқуқий давлат тушунчаси алоҳида мустаҳкамланди. “Қонун — муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган қараш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидасига айланиши керак деган қатъий позиция туфайли мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги юридик имижи тобора ошиб бормоқда.
Шу боис, Бош қонунимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3 баробар кўпайтирилди. Зотан, “фақат ҳуқуқий давлат шароитидагина инсоннинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини тўлиқ таъминлаш, том маънода халқпарвар бошқарув тизимини шакллантириш мумкин”.
Биринчидан, охирги вақтларда ҳокимиятнинг барча бўғини ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанатда жиддий ўзгаришлар амалга ошмоқда. Бунда Конституцияга янги нормалар киритилиб, давлат ҳокимиятининг бутун тизимини демократлаштиришга асос ҳисобланувчи ҳокимиятлар бўлиниши тамойилини изчил амалга оширишда муҳим омилга айланди.
Масалан, Сенат аъзолари сонининг 100 нафардан 65 нафаргача оптималлаштирилиши, ижро ҳокимияти тизимидаги туб ислоҳотлар ёки Конституциямизга вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги тўғрисидаги норманинг киритилиши ҳамда бошқа ўзгаришлар замон ва макон тақозосидир.
Хусусан, таъкидланган сўнгги норма орқали маҳаллий даражада вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият функцияси ажратилади. Ҳокимларнинг халқ депутатлари кенгашларига бошчилик қилиши ҳақидаги қоида чиқарилиши, уларнинг кенгашлар олдидаги масъулиятини оширишга, ҳокимликлар фаолияти устидан кенгаш ва депутатлар назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, халқ депутатлари кенгашларини ҳудудларда мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги асосий бўғинга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади. “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” принципини амалга оширишга хизмат қилувчи ҳокимлик идоралари раҳбарлари халқ депутатлари кенгашлари олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилди.
Энг муҳими, ҳокимларнинг ўзи қарор қабул қилиб, ўзи бошчилик қиладиган кенгашларда ушбу қарорларни тасдиқлатиш, кейинчалик унинг ижросини назорат қилиш каби амалиётга чек қўйилди. Бу орқали кенгашларнинг фаолияти, аввало, аҳоли манфаатларидан келиб чиқиб қарорлар қабул қилишга йўналтирилса, ҳокимнинг фаолияти эса мазкур қарорларни ижро қилишга қаратилади.
Иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий вазифаларни қўймоқда.
Янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланиниши кабиларни инобатга олган ҳолда айтиш лозимки, мазкур жараён барча бўғиндаги раҳбар кадрлардан янгича ёндашув талаб этади ва ўз-ўзидан эскича ишлаш ва яшашни инкор этади.
Мамлакат ижтимоий ҳаётининг энг муҳим жиҳатларидан бири ўқитиш тизимидир. Шу боис, таълим ва илм-фан соҳасига ҳаёт-мамот масаласи сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Айнан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилгани, “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли” деб эътироф этилгани сифатли таълим юртимизнинг келгуси минг йилликлардаги тараққиёти учун стратегик аҳамиятга эга устувор вазифа бўлиб қолишини англатади.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституциясида “таълим” сўзи 2 марта қўлланган бўлса, янги таҳрирдаги Бош қонунимизда 20 марта, яъни 10 баробар кўп ишлатилган. Унга киритилган нормалар асосида ҳам келгусида ўқитиш тизимини бир неча ўн карра кучайтириш мақсади мужассам.
Маълумотларга кўра ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция йўналтириш, яъни 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда боланинг ўқиши ва тарбиясига сармоя киритишга катта эътибор берилади. Вақти келиб ана шу маблағ жамиятга 15–17 баробар фойда келтиради. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилган бўлиб, болаларни мактабга қамраб олиш 100 фоиз таъминланган. Охирги олти йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 минг 211 тадан 29 мингдан зиёдга етказилди. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугун 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. 2022 йилда “Finance Inquirer” нашри болаларни мактабгача таълим муассасаларига жалб қилиш бўйича энг яхши динамикага эга бўлган пешқадам 10 давлатни эълон қилди. Улар орада Ўзбекистон биринчи ўринда турибди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, келгусида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади. Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда 2022 йилда 932 минг бола туғилган. 2017 йилда бу кўрсаткич 715 мингни ташкил этган, яъни 4 йилда туғилиш кўрсаткичи 30 фоиз ошган. Бу келгусида мамлакатимизда боғчалар сонини камида 30 фоиз кўпайтиришимиз кераклигини англатади.
Ҳамма сифатли таълим олишга ҳақли. Бу борада мамлакатимиздаги таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар учун инклюзив таълим-тарбияга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилган. Соғлиғида нуқсони бўлган болаларни фақат махсус мактабларда эмас, ҳамма қатори умумий мактабларда ҳам ўқитиш йўлга қўйилгани янги Ўзбекистонда инсон қадри тамойилига риоя этилаётганидан дарак беради.
Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим олиши учун қулай шароит яратилди. Жумладан, ОТМлар сони 2,5 баробарга ортиб, олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга оширилди. Олий маълумот олиш учун имтиёзли кредитлаш тизими, аёлларга фоизсиз кредит ажратиш амалиёти жорий қилинди. 2017 йилга қадар ОТМларда давлат грант ўринлари сони фақат қисқарган бўлса, сўнгги беш йилда, аксинча, грант ўринларни кўпайтириш йўлидан борилди.
Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоиз ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун икки баробар оширилди. Шунингдек, нодавлат ОТМларда мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ҳозирги барқарор тараққиётни сақлаб қолган ҳолда уни янада ривожлантиришнинг аниқ стратегик режа ва дастурларини ишлаб чиққан ҳолда ҳаётга татбиқ этиш лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Боиси, Конституциямиз ҳам бу борада ҳар бир инсоннинг оиласида, меҳнат жамоасида ижобий натижа сифатида сезиладиган даражадаги ўзгаришларни амалга оширишига ваъда беради. Бу вазифаларни сидқидилдан ва тўлақонли бажариш учун сиёсий ирода ва қатъият зарур.
Конституциявий ислоҳотлар даврида халқимизга қайсидир маънода кўпдан-кўп ваъдалар берилди. Энди эса буларни рўёбга чиқариш вақти келди. Агар рақамларга эътибор қаратилса, Асосий қонуннинг 65 фоизи янгиланган ҳолда, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробар, инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан зиёд оширилганига гувоҳ бўламиз.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси ваколатлари 5 тадан 12 тага, Олий Мажлис Сенати ваколатлари эса 14 тадан 18 тага етказилди. Айни палла мазкур ўзгаришларни сифат босқичига кўчириш учун қулай фурсат бўлиб, халқнинг давлатга ишончи айни вазифаларнинг самарали бажарилиши билан белгиланади. Зотан Конституциямиздаги нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир кафолатларни кучайтириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган.
Дунёда, хусусан, минтақамизда кескин ҳамда мураккаб жараён ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг муқаддимасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга интилиши баён қилингани бу борадаги йўлимиз аниқ эканини тасдиқлайди.
Одатда мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги давлат ва унинг суверенитетининг муҳим шарти, халқаро ҳуқуқнинг асосий принципларидан биридир. Куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш натижасида бирор-бир давлат ҳудуди ёки унинг бир қисми эгаллаб олиниши тан олинмайди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 17-моддасида “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принципларидан бири сифатида белгиланган.
Мамлакатимиз тараққиёт босқичида очиқ, ўзаро ҳурмат, тенглик ва манфаатдорлик, яхши қўшничилик принципларига асосланган ташқи сиёсат олиб бормоқда. Масалан, қардош Қирғизистон билан 30 йиллик чегара муаммоси ечилгани туфайли водийдаги 2 миллиондан зиёд аҳоли яқинлари, қариндош-уруғлари билан эркин борди-келди қиладиган бўлди.
Юртдошларимизнинг бошқа халқлар билан тинч-тотув, дўстона, хавфсиз шароитда яшаши, хорижий мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатларга эмин-эркин бориб-келиши, қон-қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаши, мамлакат инвестиция муҳитининг яхшиланишидан давлат ва жамият ҳар доим манфаатдор.
Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатига доир таҳлиллар шуни кўрсатадики, инсон, унинг манфаатлари ва фаровонлиги устувор вазифалар тизимининг ибтидоси бўлади. Бу мамлакатдаги барча ислоҳотларда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Айнан шунда давлатни модернизация қилиш стратегиясининг ўзига хослиги, уни аҳоли ва хорижлик ҳамкорлар орасида кенг қўллаб-қувватлашда кенгроқ намоён бўлади.
Мирзаюсуф РУСТАМБОЕВ,
Жамоат хавфсизлиги университети бошлиғи,
юридик фанлар доктори, профессор