Тиш докторига бордим. Эшикдан киришим билан оқ халат кийган таниш аёлни кўриб, тўғриси, таажжубландим. Чунки у журналистика факультетини тамомлаганини билардим. Тишимни даволаш асносида  ҳамма саволларимга жавоб олдим.  

Бунинг ўзига хос қизиқ тарихи бор экан. Маълум бўлишича, у аввалига отасининг қистови билан иқтисод йўналишида ўқиган. Ўқишни тамомлагач, бу йўналишда ишлай олмаган. Бошқа соҳани танлаш истаги билан боши қотган чоғда онаси уни журналист бўлишга ундайди. Шундан сўнг у олий журналистика курсларида таҳсил олиб, ўзини телевидение ва матбуотда синаб кўради. Нимадандир кўнгли тўлмаган қаҳрамонимиз, табиийки, бу соҳада ҳам узоқ ишлай олмайди. Қайси ташкилотга бормасин, вазифасини уддалай олмай ишдан бўшаган.

Орада бир неча йиллар ишсиз ҳам юрган. Турмуш қуриб, фарзандли бўлгач, ниҳоят касб бўйича асл орзусини амалга ошириш истагида стоматология соҳасида ўқийди. Ўқишни муваффақиятли якунлагач,  клиникалардан бирида фаолият юрита бошлайди. Ана шунда у ҳақиқатдан шу соҳага қизиққани учун уни яхши ўзлаштирганини, ўз ишидан завқ олиб ишлашини ҳис этади. Мана шу завқ уни ғайратлантиради, куч беради. Шу боис, қисқа вақтда ҳамкасблари ва беморлар эътирофига сазовор бўлади. У энди ўзи яхши кўрган, тушунган ва қизиққан касб билан машғул бўлиш нима эканини яхши англаган эди.  

Болаликда “Келажакда ким бўласан?” деган савол деярли барчамизга берилган. Унга ҳар ким ҳар хил жавоблар берган. Кимдир соҳага қизиққани учун, кимдир мутахассисликнинг ижтимоий нуфузи учун, яна бошқаси ота-онасининг кўрсатмасига кўра ўқимоқчи бўлади. Бунинг сабаблари яна кўп.

Умуман олганда, биз касб танлашга, бутун умр машғул бўлишимиз керак бўлган соҳани танлашга жуда жўн қараймиз. Тўғрироғи, биринчи галда шу касбдан келадиган даромадни ҳисобга оламиз, шундай қилсак, энг мақбул ечимни топган бўламиз, гўё.

“Ким бўлмоқчисан?” деган саволни боламизга берсак-чи? Очиғи, кўп ҳолларда унинг жавоби бизга ҳам маъқул келса, қўллаб-қувватлаймиз. Акс ҳолда гапини шарт бўламиз-у, “йўқ, сен у касб эгаси бўлмайсан, шу ҳам ишми” қабилидаги гаплар билан фарзандимизнинг истакларига қарши борамиз. Боламнинг келажаги яхши бўлсин, дея бошлаган мана шу ҳаракатимизнинг ўзиёқ, аслида катта хато.

...Отаси унинг ҳуқуқ соҳасида ўқишини, адвокат бўлишини истарди. Мана шу истакни амалга ошириш учун адвокатлар тайёрлайдиган олийгоҳда таҳсил олди. Кунларнинг бирида безорилик қилиб, бир неча ойга қамоққа ҳам олинади. У ердан севгилисига мактуб ёзади. Хатда унинг бор изтироблари, қалбида туғён ураётган муҳаббат аламлари ифодаланган. Нома — “Ёш Вертернинг изтироблари” асари эди. У токи қамоқдан чиққунча суюклиси мана шу мактубларни нашрга беради. Жуда қисқа вақтда у машҳур бўлиб кетади. Қамоқдан чиққанида эса кўплаб одамлар дастхат олиш учун уни интиқ кутиб туришарди.

Шунда отаси унга шундай деган эди: “Ўғлим, сендан барибир яхши адвокат чиқмас эди”. Аслида бу отанинг адшганлигининг иқрори десак, янглишмаган бўламиз.

Юқорида келтирилган асар номидан англаган бўлсангиз керак, гап машҳур ёзувчи Гёте ҳақида кетяпти. Отасининг қистови билан ҳуқуқ соҳасини танлаган йигит тақдир тақозоси билан ўзи тушунган ва қизиққан машғулот билан шуғулланиб кўрди, яъни қалб амрига қулоқ солди. Натижаси эса сизга маълум: илқ қадамларданоқ муваффақият қозонди. Асарлари қисқа фурсатда оммалашиб, катта шуҳрат қозонди, кейинчалик машҳур ёзувчига айланди.

Кейинчалик дунёга машҳур ёзувчи бўлиб танилган Франц Кафка ҳам дастлаб отасининг талабига кўра юридик соҳада таҳсил олади. Кўп вақт шу йўналишда фаолият олиб боради. Сил касаллигини орттиргач, уйда ўтиришга мажбур бўлади. Ана шу даврда у барибир ижод билан машғул бўлади.  Хат ва кундаликлар, шунингдек, “Эврилиш” қиссаси, “Жараён” романини ёзади. У ёзганларини оммага маълум қилишни сира ҳам хоҳламасди. Шунинг учун ўлими олдидан яқин дўстидан барча қўлёзмаларини ёқиб юборишга ваъда беришини сўрайди. Дўсти эса китобхонларнинг бахтига буни бажармайди. Аксинча, уларни нашр эттиради. Саноқли, аммо жаҳон адабиёти дурдонасига айланган асарлар муаллифи Франц Кафка эҳтимол аввалдан ўзи севган, иқтидори бор касбни танлаганида, янаям кўпроқ дурдона асарлар яратишга улгурган, балки ҳаёт йўллари ҳам бутунлай бошқача давом этган бўлармиди...

Ҳар бир инсонда қайсидир соҳага, касбга лаёқат бўлади. Ана шу лаёқат бора-бора қобилиятга айланади. Қобилият ривожлантириб борилса ва катталар томонидан қўллаб-қувватланса, келажакда юксак натижаларга эришиши мумкин. Фарзандимизга юқоридаги саволни кўндаланг қўйишимиздан олдин унинг лаёқат ва қизиқишларини аниқлашга ҳаракат қилишимиз керак. Бола нимадан завқ оляпти, нималарга қизиқиши юқори? Қачонки, диққат марказимиз шуларни аниқлашга қаратилса, унга тўғри йўлни кўрсата оламиз. Бунинг учун фарзандларимизга алоҳида вақт ажратишимиз, улар билан самимий муносабатда бўлишимиз лозим.

Фараз қилинг, деразангиз токчасида гултувакда кактус турибди. Айтайлик, сиз унинг атиргулдек ғунча очишини, нафис бўй таратишини истаб қолдингиз. Чунки сиз атиргулни ёқтирганингиз учун шуни ҳоҳладингиз.  Аммо кактус бу истагингизни бажара олмайди. Чунки унинг имкониятлари бутунлай бошқа. Ёки шафтоли дарахтининг теракка айланишини кутмаймиз-ку.

Худди шундай ҳар бир инсоннинг ўз “мен”и бор. Мана шу “мен”да унинг қобилияти, лаёқати, бажара оладиган вазифалари яширин, лекин доим ҳам юзага чиқавермайди. Уларни қачонки, боламизга яқин дўст бўлсаккина кўра оламиз. Фақат бу борада “Менинг болам фалон касб эгаси бўлади”, деган истагимизни кейинги ўринга қўйиб туришимиз керак.

...У жуда ҳаракатчан, аммо кўп касал бўладиган бола эди. Эрта болалик чоғлариданоқ секин ривожланиб борувчи карликдан азият чекарди. Биринчи синфда ўқир кезлари муаллима унинг қўлига бир хатни тутқазди ва онасига беришини тайинлади. Хатни ўқиётган онаизорнинг кўзларида ёш айланар эди. “Муаллимам нима деб ёзган экан”, қизиқиб сўради ўғил. Она боласига ўқитувчинг сенинг билиминг юқори эканлигини, энди мактабга бормасанг ҳам бўлишини тайинлабди, деган мазмунда жавоб берди. Аслида эса мактубда “Сизнинг ўғлингиз руҳий касал. Илтимос, уни ихтисослашган бошқа бирор мактабга жойлаштирсангиз. Ҳурмат билан муаллима” деб ёзилган эди. Она боласининг кўнгли синмаслиги, ўқишга, ўрганишга бўлган иштиёқи сўнмаслиги учун хатда аслида нима ёзилганини айтмаган эди. Ўғлини ўзи уйда ўқитди. Болакай уйда жуда кўп мутолаа қилар эди. Айнан волидаси билан ўтказган машғулотлар унда ихтирочиликка қизиқиш уйғотган. У умри давомида 1300 га яқин ихтиро қилган. Телеграф, телефон, киноаппаратура, чўғланма лампа, дастлабки электровозлар, фонограф шулар жумласидандир. Ўша ихтирочи XIX-XX асрларнинг тенгсиз даҳоларидан бири Томас Эдисон эди.

Психологларнинг таъкидлашича, бола туғилганда ўз касби, ўз вазифаси билан туғилади. Бу вазифа унинг лаёқати ва қобилиятидан келиб чиқиб намоён бўлади. Кўпинча ота-оналар ўзлари билмаган ҳолда ана шу хусусиятларни бўғиб қўйишар экан. Уларнинг болани ўзлари орзу қилган шахсга айлантириш истаги айрим ҳолларда мана шу хатога сабаб бўлади. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Шу боис, унинг барчага қулай, тинч, сердаромад касб эгаси бўлишини истайди. Аммо бу борада боланинг қизиқишлари иккинчи ўринга тушиб қолиши керак эмас. Ота-онанинг берадиган билими, истеъдодини ривожлантириш борасидаги ҳаракати, унга кўрсатадиган рағбати боланинг жуда катта ютуқларига сабаб бўлади.

Дейлик, ўғлингиз ўқитувчи бўлишни хоҳлаяпти. Сиз эса унга ўқитувчилик қийинлигини, ҳуқуқшунос ёки иқтисодчи бўлса, ҳар томонлама яхши бўлишини уқтирасиз. Шундай йўл тутиш тўғримикин, аслида?  Бунинг ўрнига ўқитувчи бўлиб ҳам юқори даромад топиш мумкинлигини, унинг ижтимоий мавқеи юқорилиги ҳақидаги фикрларни қўллаб-қувватлашимиз тўғри бўлар... Унинг кўп даромад топишини истаяпмизми, мактабда дарс бериб ҳам, қўшимча иш сифатида тайёрлов курслари очиш, ҳаракат қилса, барчасига улгуриши мумкинлигини ўргатайлик, кўмаклашайлик.

Донишмандлар айтганидек, “Боланинг ичида даҳо яшайди”. Шу маънода, ҳар бир боланинг, албатта нимагадир қизиқиши, иқтидори бўлади. Фақат унга ўзини намоён қилишда кўмак берилса бас. Майли, боламиз биз истагандек касб эгаси бўлмасин. Келинг, унга ўзи қизиқадиган, келажакда бошқаларга ҳам фойдаси тегадиган соҳани танлашида кўмаклашайлик. Шундагина унинг қобилиятлари, иқтидори номоён бўлади. Энг муҳими, унинг ҳаёт йўли оила, эл-юрт равнақи учун хизмат қилиш истаги билан уйғунлашиб кетади.

Буни англамоқ учун узоқдан даллилар қидириш шарт эмас, атрофдаги воқеа ва жараёнларга, ўзингиз билган инсонлар ҳаётига разм солишнинг ўзи етарли.

Феруза ЖЎРАЕВА