— “Ўзбектон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг 14-моддасига асосан давлат ўз фаолиятини нафақат инсон фаровонлиги учун, балки жамиятнинг барқарор ривожланишини ҳам кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланмоқда.
Конституциявий қонун лойиҳасининг IX боби номига иқтисодий ва ижтимоий хуқуқлар қаторида маданий ва экологик ҳуқуқлар ҳам киритилмоқда. Ушбу бобда соҳанинг асосий хуқуқий нормалари белгилаб берилмоқда. Жумладан, мазкур бобнинг 40-моддаси давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишига оид банд билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, янги банд билан давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўриши мустахкамланмоқда.
“Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг зарарли таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”, деган янги 401-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Бу билан хар бир фуқаро ҳокимиятга таъсир кўрсатиш воситасига эга бўлади ва фақат Конституцияга ҳавола қилиш орқали экология соҳасидаги хуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин бўлади.